Ўзбекистонда Мақбул қишлоқ хўжалиги экологик амалиёт (GAEP) стандарти жорий этилади
Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида Мақбул қишлоқ хўжалиги экологик амалиёт (GAEP) стандартини жорий этишни ташкил қилиш ва мониторингини юритишга доир учрашув бўлиб ўтди.
Унда соҳага тегишли вазирлик, ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳокимликлари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар мамлакатимизда Мақбул қишлоқ хўжалиги экологик амалиёт(GAEP)ини қишлоқ хўжалиги ташкилотларида жорий этиш ҳамда доимий мониторингини юритиш тартибларини келишиб олди.
Мақбул қишлоқ хўжалиги экологик амалиёти (GAEP) стандарти – бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сувдан тўғри ва оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва тупроқ эррозиясининг олдини олиш, минерал ва кимёвий воситалардан кам миқдорда фойдаланиб, органик маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. Бундаги асосий эътибор сувдан оқилона фойдаланиш, тупроқни сифатини сақлаш, унумдорлигини ошириш, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари билан ишлов бериш орқали экологик биохилма-хилликни асрашга қаратилади.
Учрашув якунида бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Мақбул қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиётни (GAEP) жорий этиш ижроси юзасидан маъсул вазирлик ва идораларнинг чора-тадбирларини ишлаб чиқиб тасдиқлаш, (GAEP) стандард талабларини жорий этиш учун электрон ўқув қўлланма, брошюра тарқатиш, тренер ва маслаҳатчилар натижадорлигини аниқлаш ва таҳлил қилиш, (GAEP) стандарти асосида маҳсулот етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини рағбатлантириш бўйича таклиф ишлаб чиқиш шулар сирасидан.
ЎзА