Қишлоқ хўжалиги йўналишида Ўзбекистон-Эрон муносабатлари кенгаймоқда

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги элчиси Муҳаммадали Искандарий ва атташеси билан учрашди.

Томонлар мамлакатимизда аграр  тизимда олиб борилаётган ишлар, хусусан Кенгаш тизимидаги ташкилотларнинг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш борасида бажарётган вазифаларини кенг муҳокама қилди. Шунингдек, Эрон давлатининг қишлоқ хўжалиги соҳасида эришган ютуқлари ҳақида сўз юритилиб, келгусида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Хабарингиз бор, сал аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари Саид Али Хоманеий билан учрашувда Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, инвестициялар, инновациялар ва транспорт соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган эди.

Эрон давлатининг аграр соҳада бир қатор, жумладан чорвачилик ва  паррандачилик экспорт ва импортларини ташкил этиш, замонавий қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инновацион технологияларни ўзбекистонда доимий  татбиқ қилиш, эронлик мутахассислар кўмагида ўқув маҳорат дарсларини ташкил этиш, ўзбекистондан дуккакли – мош, нўхот, ловия экспорти, Эрон давлатидан эса апельсин, мандарин, киви ҳамда қуруқ мевалар ва картошка, газланмаган шарбат импортини ташкил этишга келишиб олинган.

Шу ҳолатларни ҳисобга олган тарзда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А. Хаитов ва Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги элчиси М.Искандарий учрашувида кўчатчилик ва уруғчилик борасида тажриба алмашиш,   чорва моллари учун, истисослаштирилган чорва комплекси ва озуқа базаси инфратузилмаларини яратиш, кичик трактор, мотокультиватор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари, қуритиш ва совитиш ускуналарини олиб келишни ташкил этиш, мелиорация ва ирригация тизимларини барпо этиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, иккала давлатнинг қишлоқ хўжалигига масъул идралари ўртасида тажриба алмашиш, мутахассислар малакаларини ошириш борасида амалий сафарлар ташкил этиш,, Эрон Ислом Республикасининг фан ва технологиялар  вазирлиги томонидан  Техрон шаҳрида ташкил этиладиган “IRANLAB-2024»  халқаро кўргазмасида юртимизда фаолият юритаётган  фермер, деҳқон ва соҳа фаолият олиб бораётган тадбиркорларни иштироки таъминлашда амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олинди. 

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/qishloq-xozhaligi-yonalishida-ozbekiston-eron-munosabatlari-kengaymoqda_591037

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram