Томорқадан миллионлаб сўм даромад қилаётганлар

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифи чоғида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги асосий вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, аҳоли хонадонларидаги мавжуд томорқалардан унумли фойдаланишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда ахоли томорқаларини ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор – экспортчилар бириктирилиши белгиланди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, томорқачиликни янада  ривожлантириш, бу борада бой тажриба тўплаган соҳибкорларнинг иш усулларини ҳар бир маҳаллада кенг оммалаштириш мақсадида Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларида соҳага бевосита масъул бўлган мутасаддилар билан семинар ўтказди.

Семинар иштирокчилари Зарбдор туманидаги 3 700 нафардан ортиқ аҳоли яшаётган “Лалмикор” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди.  

Резавор мевалар етиштириш бўйича ўқув майдони ташкил этилган маҳалла деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, 668 та хонадоннинг барчасида томорқа ерлари бор. Шунингдек, аҳолига деҳқончилик қилиш учун 126 гектар ер ажратилган.  

Вилоятнинг барча ҳудудларида бўлгани каби бу ерда ҳам томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солиш, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш чоралари кўрилмоқда. Бу борада намунали томорқачи Ҳошим Аҳмедов хонадонида амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ.  

Кафтдеккина ҳовлида иссиқхона ташкил қилиниб, лимон экилган. Ҳовлида 4 қути асалари, қорамол, қўй, шунингдек ,1000 дан ортиқ бройлер жўжа боқилмоқда.

Эътиборли томони, жўжаларни боқиш тумандаги ушбу соҳага ихтисослашган корхона томонидан кластер асосида йўлга қўйилган. Яъни, хонадон эгалари улар томонидан берилган жўжаларни боқиб беришади ва меҳнатлари эвазига мўмайгина фойда олишади.

Томорқага, шунингдек, 10 хил турдан зиёд мевали дарахтлар, кўкат, зиравор, гул ва бошқа экинлар дид билан экилган. Рўзғор обод, ортган маҳсулотлар бозорга чиқарилмоқда. 5 кишидан иборат оила аъзолари, улардан унумли фойдаланиб, йилиги 200 миллиондан ортиқ соф даромад қилиш имконияти борлигини айтишмоқда.

Семинар иштирокчилари Шароф Рашидов тумани Туёқли маҳаласида истиқомат қилувчи “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби Абдумўмин Каримов хонадонида ҳам бўлишди.

Тажрибали томорқачи хонадонида бўш ернинг ўзи йўқ. Ҳовлига қадам босган кишининг ўзгача файз уфуриб турган саранжом саришталикдан  кўзи қувнайди. Инсон қўли гуллигига яна бир бор тан беради. Чунки, ҳовлида ҳар бир қарич ерга дид билан ишлов берилиб, экин экилган. 6 сотих майдонни эгаллаган 2 та иссиқхона, токзор, турли мевали кўчатлар экилган боғ йил ўн икки ой томорқадан ҳосил олиш имконини беради. Қолаверса, рўзғорда қорамол, қўй, товуқ боқилмоқда.

Албатта, мўъжазгина ҳовлида яратилган бу мўъжизанинг сири – уқув ва меҳр билан қилинаётган меҳнатда. Абдумўмин аканинг хонадонида 8 киши истиқомат қилади. Оила аъзолари, ҳатто неваралар ҳам томорқачининг яқин дастёрларига айланишган.

Томорқачи ўз ютуқ ва муваффақиятлари сирлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, томорқачилик билан шуғулланишни истовчилар учун уруғлик, кўчат, қаламча бериб, кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Семинар давомида намунали бу томорқачилар иш тажрибасини оммалаштириш, вилоятдаги аҳоли хонадонларида мавжуд томорқаларнинг ҳар бирини даромад келтирадиган, бандликни таъминлайдиган соҳага айлантириш асосий вазифа эканлиги таъкидланди.

Мутасаддилар томонидан бу борада бериладиган имтиёзли амалий ёрдам турлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Ҳамкорликдаги иш режалари белгилаб олинди.

Марҳабо МАДАМИНОВА,

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/tomorqadan-millionlab-som-daromad-qilayotganlar_588554

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram