“Ласетти”нинг пулини қўшниларига тарқатган деҳқон

Донаси бир килограмм тош босадиган картошка етиштирадиган деҳқон ҳақида эшитганмисиз? У – Тўрақул Бердимуродов. Нуробод туманининг Халқобод маҳалласида яшайди.

– Бир тупидан 8 килогача ҳосил оламан, – дейди у. – Ўтган йили етиштирган картошкаларимнинг энг каттаси бир килодан зиёд бўлди. 2004 йилдан бери шу иш билан шуғулланаман. Аввалига фарзандларим билан томорқамиздаги 12 сотихлик ер майдонида картошка етиштириб кўрдик.

Биринчи йили 8 тонна ҳосил олдик. Ўша пайтда бозорда бир кило картошканинг нархи 300 сўм эди. Елкамга орқалаб бозорга олиб чиққан бир қоп картошка пули бор-йўғи 15 минг сўм бўларди. Шунинг учун омборга жойлаб қўйган картошканинг барини қўни-қўшниларга 250 сўмдан қарзга тарқатдик. Кўкламга келиб, унинг нархи 2600 сўмга кўтарилиб кетди. Турмуш ўртоғим билан ҳисоблаб кўриб, агар картошкани шу пайтгача сақлаб турганимизда унинг пулига “Ласетти” машинасини сотиб олишимиз мумкинлигини ўйлаб қолдик. Аммо афсусланганимиз йўқ. Яна картошка етиштиришда давом этдик.

Бугунги кунга келиб, Тўрақул ака гектарлаб майдонда деҳқончилик қиляпти. Бундан икки йил аввал 2 гектар ерга картошка уруғини қадаганди, аммо…

– 2021 йил 18 февраль куни 2 гектар майдонга 40 миллион сўмдан зиёд харажат қилиб, уруғ қададим. – дейди у. – Бироқ 20 февраль куни ҳаво ҳарорати пасайиб, -11º даража бўлди. Шу сабаб экканимизнинг аксарият қисмини совуқ урди. Бу зарардан кейин, ҳокимлик эшигини тақиллатишга мажбур бўлдим. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан ер майдони ва кредит ажратиладиган бўлди.

Тўрақул ака ўтган йили 31 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига уруғ сотиб олди ва 1 гектар ерда картошка етиштирди.

– Бизга ажратилган ер катта йўл ёқасида жойлашган, – дейди Т.Бердимуродов. – Ўтган йили Бухородан Самарқандга бораётган йўловчилардан бири бўлган отахон тўхтаб, биз парваришлаётган картошкаларни кўздан кечирди ва 50 тонна ҳосил олиш мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига ишонмадим. 30 тонна ҳосил оламиз, деб ўйлагандим. Отахон ҳақ экан. 50 тоннага яқин ҳосил олиб, 120 миллион сўм даромад қилдик. Банкдан олган кредитни бутунлай қайтардик. Шу йил 3 гектар майдонга картошка экиш ниятидамиз.

Оддий, самимий, камтарин, шу билан бирга тажрибали деҳқон Турдиқул Бердимуродов ўзи яшаётган Халқобод маҳалласида қизиққан кишиларга картошка етиштириш сирларини ўргатишга тайёрлигини айтди.

– Менга эргашиб, ён қўшниларим ҳам катта майдонларда картошка етиштиряпти, – дейди Тўрақул ака. – Маҳалламиз ёшлари орасида ҳам бу ишга қизиқаётганлари кўп. Мен уларга қўлимдан келганча деҳқончилик сирларини ўргатишга ҳаракат қиляпман.

Тўрақул Бердимуродовнинг мақсади бошқа жойлардаги каби Халқободда ҳам “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишни йўлга қўйиш.

https://yuz.uz/news/lasettining-pulini-qoshnilariga-tarqatgan-dehqon

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram