Ёшлар учун яна бир имконият яратилди
Мамлакатимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали турмуш фаровонлигини ошириш «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида устувор вазифа сифатида кўрсатиб ўтилган.
Президентимизнинг жорий йил 5 апрелда қабул қилинган «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада янги имконият эшикларини очди.
Мазкур қарор орқали яратилаётган имкониятлар ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Зокир Алламурoдовнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Юртимизда деҳқончилик, боғ ёки чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга ерни ижарага олишлари учун молиявий кўмак ажратилмоқда, етиштирган маҳсулотлари учун харидор топишда ҳам кўмаклашилади. Бунга «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида алоҳида эътибор қаратилган. Ҳужжатга кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага бериладиган бўлди.
Эндиликда ёшлар «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали деҳқончилик қилиш учун ижарага ер олишлари ва яхшигина даромад топишлари мумкин. Аукцион савдолари «Маҳалла еттилиги»нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар (талабгорлар) ўртасида ўтказилади. Ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин.
Шунингдек, деҳқончилик қилмоқчи бўлган ёшларга маҳсулот етиштириш учун тижорат банклари томонидан 7 йил муддатга 100 миллион сўмгача кредит ажратиладиган бўлди. Ушбу жараёнда «Маҳалла еттилиги» ажратиладиган ер майдонини белгилаш учун кафил ҳамда олинган кредитлардан самарали фойдаланилганлигига жавобгар ҳисобланади.
– Шу ўринда савол туғилади: ерларни ижарага олмоқчи бўлган айрим ёшларни деҳқончилик, боғдорчилик ёки чорвачилик борасида тажрибаси етарли бўлмаслиги мумкин. Шундай вазиятда қандай йўл тутилади?
– Албатта, бу каби ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ёшлар «Фермерлар мактаби» «Сувчилар мактаби» ҳамда аграр соҳада кадрлар тайёрлайдиган ОТМларга ва ҳудудлардаги кичик бизнесга кўмаклашиш марказларида ташкил этиладиган ўқув курсларига йўналтирилиб, билим ва малакалари оширилади. Улар ўқув-тажриба участкаларидаги боғ ва токзорлар барпо этиш, сабзавот, картошка, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш бўйича кўргазмали дала майдонларида тез-тез бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш борасидаги амалий тажрибаларини шакллантиради.
Ёшлар учун яна бир имтиёз. Ердан зироат ундирмоқчи бўлганларга мини-техника, уруғ ва кўчат харид қилиш учун «Ёшлар дафтари» жамғармасидан 5 миллион сўмдан субсидия, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 33 миллион сўмгача кредит ажратилади. Уларга жойлардаги 167 та «Агромарказлар» орқали хусусий секторни жалб қилган ҳолда уруғ, кўчат етказиш, минерал ўғит бериш, мини-техника ва агроном хизматлари йўлга қўйилиб, етиштирган маҳсулотини харид қилиш учун қайта ишловчилар ҳамда экспорт қилувчилар бириктирилади.
Ушбу мақсадлар учун Ёшлар ишлари агентлиги жамғармасидан 50 миллиард сўмгача, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан 60 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.
Талабгор ёшларга сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш учун суғориладиган ерлар, боғдорчилик-узумчилик йўналишлари учун кўп йиллик дарахтзорлар ёки самарасиз ер майдонлари, доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинлари етиштиришга мўлжалланган ер майдонларини 30 йил муддатгача ижара олишга рухсат берилади.
Вилоят ҳокимликлари ижарага берилган ерларни сув билан таъминлаш учун қудуқ қазиш, суғориш тармоқларини тиклаш, электр энергияси тортиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида ёшларга кўмакдош бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг 428-моддасига мувофиқ, томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилган ҳамда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун янги ўзлаштирилган ерлар беш йил муддатга ер солиғидан озод этилиши ҳам ёшлар учун айни муддао бўлди.
Электрон аукцион савдолари орқали ижарага ер олган ёшлар ўзлари турган дафтарлардан чиқарилмайди ҳамда уларни қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Ёшларнинг ерлардан самарали фойдаланаётганлиги, экин турлари ва олинаётган самаралар Ёшлар ишлари агентлигининг «Ёш фермерлар» платформаси орқали назорат қилиб борилади.
– Соҳани янада такомиллаштириш борасида қандай таклифларни илгари сурган бўлар эдингиз?
– Дарҳақиқат, шу ўринда бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида айрим фуқаролар томонидан деҳқон хўжалиги сифатида қайд этилиб, аслида яйлов сифатида фойдаланилаётган юзлаб гектар майдонлар мавжуд. Улар ёлчитиб солиқ ҳам тўлашмайди. Агар шу ерлар деҳқончилик, боғдорчилик ёки чорвачилик қилмоқчи бўлганларга лоақал 10 сотихдан ажратиб берилса, ердан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда меҳнаткаш ёшларнинг даромади янада ортган бўларди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор билан бугунги йигит-қизларимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган «занжир»ни қамраб олувчи янги тизим орқали қўллаб-қувватланиб, бандлиги таъминланади. Бу эса уларнинг турмуш фаровонлигини ошириб, етиштираётган озиқ-овқат маҳсулотлари халқимиз дастурхони тўкислигига хизмат қилади.
Марҳабо Мадаминова, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/yoshlar-uchun-yana-bir-imkoniyat-yaratildi_587487