«Коврак» экспортида махсус рухсатнома талаб этилиши ўринлими?

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш муайян маҳсулотларга боғланиб қолмаслиги, экспорт қилинадиган товарлар диверсификацияси, тармоқлар ва ҳудудлар кесимида тақсимланиши ҳамда экспорт жараёнлари аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиши лозимлиги муҳим вазифа саналади.

Ҳудудларнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда воҳа вилоятларида жаҳон бозорида юқори талабга эга бўлган «коврак» шираси аҳоли томорқаларида етиштириш йўлга қўйилган. Бугунги кунга қадар ушбу маҳсулот фаол экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги «коврак» ширасини экспорт қилувчи корхонанинг аҳоли томорқасида маданий усулда етиштирилган ковракни экспорт қилиш учун Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлиги томонидан махсус рухсатнома расмийлаштириш рад этилаётганлигидан норозилиги ҳақидаги мурожаати кўриб чиқилди. 

Бугунги кунда аҳоли томорқаларида экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, саноат усулида кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Бу соҳага берилаётган эътибор натижасида жорий йилда биргина Деҳқонобод туманида жами 50 тоннадан ортиқ «коврак» ўсимлигидан қайта ишланган маҳсулот етиштирилиши режалаштирилган. Бу эса ўртача туман миқёсида айнан ушбу маҳсулотни сотиш орқали 7,5 — 8,5 миллион АҚШ доллорлик экспорт бўлишига олиб келади. Ҳозирда талабга кўра «коврак» ўсимлигидан қайта ишланган маҳсулот кўпгина хорижий давлатларга шу жумладан, Ҳиндистонга экспорт қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларини олиб кириш ва четга олиб чиқиб кетишда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги»ги низомда питомниклар, плантациялар, томорқа, хусусий боғлар ва дала ҳовлиларда етиштириладиган ўсимлик объектларига нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб берилган.

Юқорида келтирилган ҳужжатларни асос қилган ҳолда, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 2024 йил 1 май куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига низом талабларига зид равишда аҳоли томорқаларида маданий усулда етиштирилган «коврак» ўсимлик объектларига нисбатан четга олиб чиқиб кетишда рухсат бериш рад этилганлиги ҳолатини кўриб чиқиш ҳақида сўровнома киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Зафар Мустафақулов маълум қилди.

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/kovrak-eksportida-maxsus-ruxsatnoma-talab-etilishi-orinlimi_595604

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram