Ўзбекистонда дунёдаги энг катта лаванда плантацияси барпо этилади

Ўрта денгиз соҳилларида лаванданинг 25 дан ортиқ тури учрайди. Франция, Италия, Испания, Венгрия, Россияда лаванда кўп миқдорда етиштирилади. Таркибида 1,2 — 2,3 фоиз эфир мойи бўлган лаванда парфюмерия, озиқ-овқат саноати, тиббиётда қўлланилади.
Айни вақтда ана шу бутасимон ўсимликни етиштириш ва ундан мўл ҳосил етиштириш борасида Ўзбекистонда ҳам салмоқли ишлар олиб борилмоқда.
– Парфюмерия учун қимматли бўлган лаванданинг Франция ва Туркияда йирик плантациялари бор, – дейди «Алихон органик агро» хорижий корхонаси иш юритувчиси Давронбек Ҳакимов. – Уларнинг энг катта майдонлари 300 гектарни ташкил этади. Биз Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Жўш қишлоғи атрофидаги бир ярим минг гектар ернинг ҳолатини ўргандик. У ерларда ҳеч қачон пахта экилмагани, тупроқнинг экологик тозалиги ҳақидаги маълумотлар асосида ана шу лалми ерларнинг 110 гектарига бир миллион дона лаванда кўчати экдик. Келгусида бу майдонларни босқичма-босқич кенгайтириб, дунёдаги энг катта лаванда плантацияси барпо этамиз.
Лаванданинг ўзига хоси бир қатор хусусиятлари мавжуд. Энг аввало у сувсизликка чидамли бўлиб, йил давомида суғориш шарт эмас. Энг муҳими эса бир марта экилган кўчатлар, 30-50 йил ҳосил берар экан. Ундан олинадиган бир литр ёғ дунё бозорида 20 -100 доллар миқдорида баҳоланиши эса фойда миқдорини ошишига хизмат қилади. Депрессияга тушган пайтларингиз гулбозоридан лаванда сотиб олинг! Унинг хушбўй ҳиди сизни тушкунликдан халос этади. Лаванда эфир мойи ҳам худди шундай шифобахш хусусиятга эга. Шунингдек, гули ва баргидан чой ҳам тайёрлаш мумкинлиги унинг баҳосини янада оширади.
– Лаванда ёруғсевар, қурғоқчиликка чидамли, иссиқсевар ўсимлик ва 30 даража совуққа чидайди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Шомирза Сафаров. – Уч йилдан кейин кўчатлар орасига бошқа экинлар экиб, ҳосил олиш мумкин. Лавандадан келадиган даромад кўплиги учун бунга у қадар ҳам зарурат бўлавермайди.
«Алихон органик агро» хорижий корхонаси жорий йилнинг январида экилган лаванда кўчатлари қатор орасини бегона ўтлардан тозалаш учун зарур техникаларни харид қилди. Шунингдек, ҳосилни териш техникалари ҳам келтирилмоқда.
Қайд этиш керакки, қолган майдоннинг бир қисмига синов тариқасида четдан келтирилган, сувсизликка чидамли ошқовоқ уруғи қадалди. Кузда 150 гектарда бодомзор ташкил этиш учун бодом кўчатлари тайёрланмоқда. Бу навлар Европа бозорларида харидоргир экани айтилмоқда.

http://uza.uz/oz/society/zbekistonda-dunyedagi-eng-katta-lavanda-plantatsiyasi-barpo–11-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram