Кичик саноат хонадонларга кириб бормоқда

Ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди.

Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-115-сонли “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади.

2024 йилда мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.

Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар билан бир қаторда маҳсулот етиштириш билан боғлиқ лойиҳаларга, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бундан мустасно, 100 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади.

музлаткичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехлари аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади.

ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига хонадонларда биогумус тайёрлаш фаолияти киритилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси билан бирга 2024 йилда12 та йўналишда туманларни экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ихтисослаштиради ва 43 та туманни экспортбоп экинлар етиштиришга ихтисослаштирилади, мазкур туманларга 10 тадан экспортёрлар бириктирилади.

Кенгаш Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонларида қишлоқ хўжалиги корхоналарининг, томорқа ер эгаларининг билим ва кўникмалари ошириб борилади.

2024 йил якунига қадар мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу музлаткичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехларини аҳолига 
12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 
2024 йилда аҳоли томорқа ер участкаларида баҳорги (эртаги), такрорий (ўртанги) ва тўқсонбости усулида экинлар экиш, жумладан 252 минг гектар майдонга уч марта ҳосил олиш прогноз қилинмоқда.

Аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида “Томорқа хизмати ЯТТ” тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга рухсат берилди.

Эндиликда, “Томорқа хизмати” ЯТТлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фаолият турлари бўйича беш нафаргача ходимларни ёллаши, иш билан таъминлаши мумкин.

 “Online-mahalla” электрон платформасида алоҳида яратилган “Аҳоли томорқаси” модулига ҳоким ёрдамчилари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари томонидан маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали томорқа ер эгалари томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хонадонда мавжуд иссиқхоналар ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни ҳар олти ойда киритиб боради.

Қарорга асосан, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш ва “дала дўконлари”ни қуриш учун — 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга;

боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш учун — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга кредитлар берилади.

Қарор билан мамлакатимизга олиб кирилаётган мотокультиваторлар, бир ўқли тракторлар  ва минитракторлар учун божхона божи ундирилмайдиган бўлди. 

2027 йил 1 январга қадар мотокультиваторлар, бир ўқли тракторлар  ва минитракторларни олиб киришда божхона божининг ноль ставкалари белгиланди.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Кенгашнинг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ва фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Кенгашга фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳамда Кенгаш ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли лойиҳаларни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали Вазирлар Маҳкамасига киритиш, кўриб чиқиш ва ахборот бериш ҳуқуқи берилди.

Эндиликда, Кенгаш фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқларига дахлдор, уларни қўллаб-қувватловчи, ҳуқуқий ҳимоя қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ҳукуматга киритади. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари

кенгаши раисининг ўринбосари Зафар Мустафақулов

https://uza.uz/uz/posts/kichik-sanoat-xonadonlarga-kirib-bormoqda_581573

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram