Ўзбекистон мева-сабзавотлари учун хориж бозорлари очилди

Экспорт иқтисодий ривожланишнинг муҳим воситаларидан бири. COVID-19 пандемиясига қарамай, юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига хориж бозорларида талаб ортиб бормоқда.
Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан маълум қилишича, мева-сабзавотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш чоралари мунтазам равишда кўрилмоқда. Хусусан, икки йил ичида Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Япония, Миср каби мамлакатларга 78 турдаги мева ва сабзавотлар учун карантин рухсатномаси олинди.
Айни вақтда эса, Таиланд ва Индонезияга – гилос, AҚШга – узум ва қовун, Мисрга – анор, олма ва олхўри, Ҳиндистонга – анор ва олма, Кореяга – узум, Хитойга эса олма, олхўри ва ўрик жўнатилмоқда.
Шунингдек, Мяньма ва Гана мамлакатларига 12 та маҳсулот (гилос, анор, қовун, узум, лимон, ўрик, олхўри, нектарин, хурмо, олма, ўткир қалампир, ловия) экспорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаси олинди.
Бошқа давлатларга ҳам шу каби қатор маҳсулот турларини экспорт қилишда фитосанитария рухсатномаларини олиш устида музокаралар олиб борилмоқда.
Айни вақтда қуритилган аччиқ қалампир ва лимонни Хитой Халқ Республикасига экспорт қилишга рухсат бериш тўғрисидаги протоколлар имзоланиш босқичида. Шунингдек, Ҳиндистонга узум экспорти учун рухсат олиниши кутилмоқда.
Қатор музокаралар натижасида Хитой учун гилос қадоқлаш корхоналари сони 11 тага, Корея Республикаси учун 6 тага оширилиши кутилмоқда.
Россияга мева ва сабзавотларни экспорт қилишда юртимиздаги экспорт қилувчиларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўздавкарантин инспекцияси фитосанитария назорати соддалаштирилган холда назорат пунктлари рўйхати 22 тага кўпайтирилди.

http://uza.uz/oz/society/zbekiston-meva-sabzavotlari-uchun-khorizh-bozorlari-ochildi-12-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram