Исталган бозорга кирсангиз уруғлик сотиб ўтирганларни учратасиз…

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги деярли хорижий мамлакатлардан олиб келинган уруғларга тобе бўлиб қолгандек, назаримда. Ўзимизда йиллар давомида етиштирилиб келинган ширадор, серсув, мазали сабзавот ва полиз экинларимизни бугунги кунда бозорларда учратиш амримаҳол бўлиб қолмоқда.


Ўзимизда мавжуд бўлган «олтинга тенг» маҳаллий уруғларни сақлаб қолиш ва ишлаб чиқариш имконияти бўла туриб, хориждан олиб келиниши бемаза уруғнинг кўпайишига ва аҳолига етказиб бериладиган маҳсулотларнинг қимматлашишига сабаб бўлмоқда.
Аҳоли пешона тери билан топган пулини қиммат, аммо сифатсиз сабзавотларга сарфлашга мажбурмиз. Энг ёмони, навлар ва уруғликлар бўйича маркетинг хизмати шакллантирилмаган. Фермер ёки деҳқон энг яхши, сифатли ва ишончли уруғни қаердан олишни билмайди. Бунинг учун кимга мурожаат қилиш ҳақида ҳам ахборотга эга эмас. Натижада дуч келган дўкон ёки фирмадан маҳсулот олиб, экади. Синалмаган, сифати паст уруғларни экиб, бир йиллик меҳнати ва маблағига «куйиб» қолган қанча юртдошларимиз «додини, арзини» эшитганмиз.
Бундай ҳолатга тушиб қолишимизга қандай омиллар сабаб бўлмоқда? Аслида юртимизда уруғчилик соҳаси ташкилотларининг ўзига яраша ваколатлари мавжуд. Улар маҳсулот етиштирувчиларни қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг юқори авлодли ва сифатли уруғликлари билан етарли миқдорда таъминлаш, уруғликларни жамғариш, сақлаш, қайта ишлаш ва дорилашда самарали усулларни жорий этиш, ҳаттоки уруғликларни экспорт қилиш назарда тутилган.
Айни вақтда уруғчиликни ривожлантириш, соҳани олдинги шуҳратини тиклаш борасида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Шомирза Сафаров ўзининг бир қатор таклифларини тайёрлади.
– Исталган бозорга кирсангиз турли хилдаги экин уруғларини сотиб ўтирганларни учратасиз, – дейди Ш.Сафаров. – Аслида улар ҳам етиштирилган маҳсулот сифати учун жавоб бериши керак. Афсуски, уларни бир ойдан кейин топиб бўлмайди. Уруғ нобоп чиқса, деҳқоннинг ўзи «куйиб қолаверади». Шунинг учун биринчи босқичда кичик уруғчилик ташкилотларини ташкил этиш зарур назаримда.
Шунда кенгаш ана шу кичик-кичик корхоналарга аҳоли хонадонлари томорқа ер майдонларига талаб этиладиган уруғлик ва кўчат миқдорини аниқлаб уруғлик етиштириш бўйича буюртма бериш тизимини жорий этади. Улар кам миқдорда бўлса ҳам сифатли уруғлик тайёрлаб беради.Агар ҳосил кўнгилдагидек бўлмаса улар ҳам жавоб беради.
Ҳосил мўл бўлганда эса албатта уруғлик етиштирувчи кичик ташкилотларни ҳам рағбатлантириш тизими жорий этилса, бу борадаги барча масалалар ўз ечимини топади.
Бундан ташқари юртимиз тупроқ иқлим шароитига мос қишлоқ хўжалиги экинлари турлари ва навларини – аниқлаб ҳудудларни уруғ ва кўчат етиштиришга мослаштириш орқали сабзавот ва полизчиликда маҳаллий селекция навларини тиклаш зарур.
Қайд этиш керакки, ҳозирда 210 ортиқ мева-сабзавотдан уруғлик тайёрлаш мумкин. Бунда кўчат тайёрлашни ҳисобга олмадик.

http://uza.uz/oz/society/istalgan-bozorga-kirsangiz-uru-lik-sotib-tirganlarni-uchrata-09-06-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram