Охангаронлик миришкор

Яқинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши масъул ходими В.Б.Латипов билан суҳбатлашиб қолдик. Суҳбат асносида йилига ўз томорқасидан уч-тўрт марта ҳосил олаётганлар тўғрисида гап очилиб қолди. Суҳбатдошимиз томорқа даромад манбаи эканлиги ҳақида тўлқинланиб сўзлаб, янги навлардан фойдаланиб оиласи даромадига сезиларли ҳисса қўшаётган илғор томорқачилар тажрибаларини оммалаштириш бўйича тарғибот қилиш кераклигини таъкидлади. Ушбу суҳбатимиздан сўнг, имкон топиб Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги илғор томорқачи ва деҳқон хўжаликларининг фаолиятини ўрганишга жазм қилдим.
Сиз шахсий томорқангиздан унумли фойдаланяпсизми? Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг аксарият хонадонлари ўзларининг шахсий томорқаларига эга. Аксарият юртдошларимиз бундай экин экиладиган кичик майдонларидан мақсадли равишда самарали фойдаланиб, даромад олишга ҳам эришмоқдалар. Лекин, тайёргина унумдор экин майдонларидан фойдаланиш ўрнига ёввойи ўтлар босиб ётган ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Айтиб ўтиш жоизки, республикамиз ҳудудида ўз хонандаларидаги экин майдонларидан самарали фойдаланаётган, шу орқали ўзининг рўзғорига ҳам, мамлакатимиз иқтисодига ҳам салмоқли улуш қўшаётган юртдошларимиз талайгина. Ана ўшалардан бири – Охангарон туманидаги Сартамғали қишлоғидаги Қуюн маҳалласида истиқомат қилувчи томорқа ер эгаси, миришкор Зоҳиджон Жумабоевдир. Меҳнат қилишни ўзининг энг севимли машғулоти деб билувчи ғайратли Зоҳиджон отасидан қолган кенггина ҳовлини, бугунги кунда киши ҳавас қиларли даражадаги боғу-бўстонга айлантириб, рўзғорини ҳам обод, фаровон қилмоқда. 26 сотих майдонга экилган юздан ортиқ турли туман дарахт кўчатлари киши кўзини қувонтиради, худди катта боғ ҳудудига кириб қолгандек бўласиз. Ҳозирда бу ерда олма, нок, гилос, беҳи, анор каби меваларнинг энг серҳосил навлари парваришланиб, кўзланган ҳосил олишга эришилмоқда. Ушбу боғда пишиб етилган сархил мазали мевалар бугунги кунда юртимиз бозорларини безамоқда ва энг муҳими, нархларни арзонлашишига хизмат қилаётир.
Бугунги кунда тажрибали боғбонга айланган Зоҳиджон Жумабоев маҳалла ҳудудидаги бўш, фойдаланилмай турган 38 сотих экин майдонида деҳқон хўжалиги ҳам ташкил этган. Айтиш мумкинки, бу ердан йил давомида ҳосил олишга эришилмоқда. Картошка, помидор, лавлаги, ловия булғор қалампири – қўйингки бу ерда барча сабзавотлар алоҳида эътибор билан етиштирилмоқда. Улардан мўлжалдагидан ҳам юқори ҳосил олиниб, бозорларимизда нарх-навонинг кўтарилиб кетишига йўл қўйилмаяпти. Тадбиркор деҳқон Зоҳиджон Жумабоев жорий йилда Германиядан келтирилган «Геркулес» навли ошқовоқни ўз томорқасида парваришлаб етиштиришга муваффақ бўлди. Келгусида ошқовоқнинг ушбу навини янада оммалаштиришга аҳд қилган. Шунингдек, хориждан келтирилган ёнғоқнинг серҳосил, иссиқ ҳамда совуққа чидамли бўлган навини ҳам кўпайтиришга бел боғлаган. Ҳозирги кунда ушбу хорижий ўсимликнинг юздан ортиқ ёш ниҳолчалари меҳр билан парваришланмоқда.
Деҳқончиликда самарали меҳнат қилаётган Зоҳиджон Жумабоевнинг саъй-ҳаракатлари ҳукуматимиз ва элу юртнинг эътиборига тушган. Жумладан, ўтган йили бу ҳаракатчан миришкорнинг меҳнатлари қадрланиб, «Меҳнаткаш деҳқон» кўкрак нишони билан тақдирланди. Айтиш мумкинки, бундай рағбат Зоҳиджонга жуда катта маънавий ва руҳий мадад бўлди. Халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаётган ва халқимиз турмушининг фаровонлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган Зоҳиджон Жумабоев бугунги кунда тўрт нафар фарзандини ҳам меҳнатга муҳаббат руҳида тарбияламоқда.


Одилжон ЭРГАШEВ

http://uza.uz/oz/society/okhangaronlik-mirishkor-22-09-2020

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram