РЕЖАЛАРИ БИСЁР ФЕРМЕР

Избоскан тумани ҳудуди азалдан ҳосилдор ва унумдор ер  ҳисобланади. Бу ерда ернинг тилини яхши тушунадиган, ер билан тиллаша оладиган, деҳқончиликда кўп тажриба тўплаган фермерлар талайгина. Бугуни кунда туманда жами 415 та фермер мавжуд бўлиб, улар мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда фидокорона ҳамда самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Уларнинг аксарияти нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам донгдор ҳўжаликлардан саналади. Ёш ва ғайратли қишлоқ хўжалиги жонкуярларидан бири бўлган Шерзод Аҳмедов етакчилик қилаётган  “Хонобод заминдори” фермер хўжалиги айни кунда туманда энг илғорлардан ҳисобланади. 2007 йилда дастлаб чорвачилик йўналишида ташкил этилган хўжалик йиллар ўтиб, кўп тармоқлига айланди. 

Жорий деҳқончилик йилида  хўжаликда 35 гектар майдонда пахта,
23 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Чорвачилик учун яна 23 гектар майдонда озуқа экинлари парваришланмоқда. Фермерчиликнинг энг муҳим  шартларидан бири –меҳнатсеварликдир. Ёш фермер Шерзод Аҳмедовда ана шундай зарур хислат мавжуд. Айни пайтда  хўжаликнинг чорвачилик фермасида  108 та хориждан келтирилган зотдор ва наслли  қорамоллар меҳр билан парваришланмоқда.  

Бир неча йил олдин имтиёзли кредит эвазига Австриядан  келтирилган зотдор қорамоллардан  кўзланган маҳсулот олинмоқда. Соғиб олинган сифатли сут маҳсулоти хўжалик қошида ташкил этилган сутни қайта ишлаш цехида юборилади. Ушбу  цехда  сут қайта ишланиб, 8 хил янги маҳсулот тайёрланмоқда. Бу ерда тайёрланган сут маҳсулотлари тумандаги мактабгача таълим муассасаларига ҳамда аҳолига етказиб берилаётир. Мазкур цехда  20 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари меҳнат қилади. Маълумки, техника –фермернинг қаноти. Хўжаликда энг сўнгги русумдаги қишлоқ хўжалик техникалари  мавжуд бўлиб, улардан самарали  ва унумли фойдаланилмоқда.

Жорий йилдаги деҳқончилик ҳам баракали бўлди, десак муболаға бўлмайди. Серҳосил навидан экилгани, энг муҳими меҳр билан парваришлангани туфайли буғдойдан олинган ҳосил 105%га уддаланди.  Гектаридан 78 центнердан сара ғалла олиниб, жами 180 тоннадан ортиқ буғдой топширилди. Пахтанинг ривожи ҳам ёмон эмас. Айни кунларда  жорий йилдаги пахта йиғим-теримига ҳозирлик авжида. Бу йил 200 тоннадан ортиқ пахта топшириш – асосий мақсад этиб белгиланган.

Ёшлигидан меҳнат қилиб, деҳқончиликда суяги қотган ва  фермерликни ихтиёр этган Шерзод Аҳмедовни режалари бисёр. Хўжаликни янада ривожлантириб, қўшимча тармоқ ва йўналишларни йўлга қўйиш учун саъй-ҳаракат олиб бораётир. Шу кунларда яна Австриядан  яна қўшимча равишда 132 та зотдор ва наслли қорамол олиб келиш  учун туман Халқ банки вакиллари билан ҳамкорликда саъй –ҳаракат ишлари бошлаб юборилган. Ушбу зотдор қорамолларни йил охиригача келтириш режалаштирилган.

Бугунги кунда хўжаликда бирор қарич бўш жой йўқ. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар – мош, ловия, соя, картошка, сабзи, пиёз каби аҳоли эҳтиёжи учун энг зарур маҳсулотларни экиб парваришланмоқда. Айни кунлардаги энг муҳим вазифалардан бири бўлмиш –озиқ –овқат захирасини яратиш  учун етарлича ҳаракатлар олиб борилаётир. 

Бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам барчамизга етарлича ташвиш туғдирган коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Фермер хўжалигида ҳам пандемия келтириб чиқарган қийинчиликларни бартараф этиш учун талай эътиборга сазовор ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳалладаги кам таъминланган оилаларга энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари – ун, ёғ, гуруч ва гўшт маҳсулотлари тарқатилди. Бу оилаларга  яна қўшимча равишда 14 та эчки бепул тарқатилди. Хўжаликда меҳнат қилаётган ишловчиларга ҳам кўмак кўрсатилди. Шуни айтиш ўринлики, ҳомийлик ва ҳайрия ишларини амалга ошириш –хўжаликнинг кўп йиллардан бери иш фаолиятининг асоси ҳисобланади. Бугунги кунда хўжаликда 35 нафар ишловчи меҳнат қилаётир. Уларга ойлик маошлари тайёрланиб, ўз вақтида бериб борилаётир. Уларнинг тўй  ва бошқа маросимларини   жамоа билан биргаликда бамаслаҳат  ўтказиш одат тусига айланган.  Бундан ташқари, тумандаги 22-мактабни таъмирлаш  ишларига  доимий равишда ҳомийлик қилиб турилади.  Аҳамиятли жиҳати шундаки,  ўтган йили 1км масофадаги маҳалланинг ичидаги йўл хўжалик томонидан асфальтлаштирилди, яна шунча жойга шағал ётқизилди. Хўжаликнинг келгуси йилдаги режалари ҳам бисёр.

Вафо ЛАТИПОВ

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram