Кластерларга мева-сабзавот музлаткичлари керакми?
Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашидан маълум қилишларича, жорий йилда кластерлар ва уларга бириктирилган фермер хўжаликлари 603 миллиард сўмлик 380 ортиқ лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бунинг учун эса 6134 гектар ер ажратилган. Баҳорда 1 773 гектарда интенсив боғлар ташкил этилди.
Шунингдек,янги токзорлар яратиш мақсадида ҳам 9417 гектарда 297 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Албатта, келгусида ушбу катта майдондаги боғ ва токзорларда етиштирилган узум ва меваларни сархил ҳолида қиш мавсумига сақлаш учун музлатгич омборхоналар барпо этиш ҳам эътиборда.
Бу борада қилинаётган ишлар кўзга кўриниб қолди. Мисол учун, йил охирига қадар 1 триллион 51,7 миллиард сўмлик 80 зиёд инвестицион лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 38 лойиҳа бажарилди.
Айни вақтда тўртта лойиҳа тўлиқ ишга туширилди. Булар Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 6200 тонналик мева-сабзавотларни қайта ишлаш линияси, Шаҳрисабз туманида 200 тонналик музлатгич омборхона, Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 2000, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 30000 музлатгичли омборхоналар.
Йилнинг ярми ўтиб кетган бўлса, камига пишиқчилик мавсуми аллақачон бошланган бўлсада, атиги бир неча музлатгич омборхона ишга тушганини қандай баҳолаш мумкин.
Маълумотларга кўра, Андижон вилоятидаги «Қорадарё сайхун» корхонаси қиймати 1 миллиард сўмлик 500 тонна қувватга эга музлатгич омборхона, «Ишкомли ҳамкор» 8,7 миллиард сўмлик 2 минг тонна, «Зафаржон Арифжонов» 1 миллиард сўмлик 1 минг тонна қувватга эга қайта ишлаш корхонаси, Бухоро вилоятидаги “Emir Fruit Industry” қиймати 15,5 миллиард сўмлик 2 минг тонна қувватга эга қайта ишлаш корхонаси, Наманган вилоятидаги «Янгиқўрғон Агро Инвест» қиймати 119 миллиард сўмлик 30 минг тонна қувватга эга музлатгичли омборхона ва қайта ишлаш корхоналари қуриш режалаштирилган бўлсада, ҳеч бир юмуш бажарилмаган.
http://uza.uz/oz/society/klasterlarga-meva-sabzavot-muzlatkichlari-kerakmi-08-07-2020