Ўзбекистонда “Ер қонунчилиги бузилишига қарши кескин кураш ойлиги” ўтказилмоқда

Фото: Flickr

“Давeргeодeзкадастр” қўмитаси томонидан республика бўйлаб “Ер қонунчилиги бузилишига қарши кескин кураш ойлиги” ўтказилмоқда. 

Қўмита матбуот хизмати мазкур ойлик доирасида аниқланган ҳолатлар тўғрисида маълумот берди. 

Тошкент вилояти Зангиота тумани Ўзбекистон массивида “Фозилжон Хуршиджон Файз” фермер хўжалигига тегишли 8 гектар ер майдонининг 0,3 гектар суғориладиган ерида фермер хўжалиги раҳбари С.Раимқулов томонидан ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари амалга оширилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан фермерга маҳалла фуқаролар йиғини, кадастр бўлими, ҳокимият ҳамда прокуратура органлари томонидан огоҳлантиришлар берилган.

Бироқ шунга қарамасдан қурилиш давом эттирилган. Ҳокимият ишчи гуруҳ комиссиясининг ушбу ҳолат юзасидан тайёрлаган ҳулосасига кўра суд органларига даъво аризалари тақдим этилган. 

Ҳозирги кунда ер участкасини олдинги ҳолатига қайтариш ва экин экиш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Шу тумандаги Ҳаракат маҳалласида боғдорчилик ерларини нобуд қилиш ҳолати аниқланган. Тадбиркор эгалик қилиш ҳуқуқи тасдиқланмаганлигига қарамасдан боғдорчилик ерларида экилган дарахтларни нобуд қилиб шу майдонда металл қабул қилиш шахобчасини ташкил этган. Мазкур ернинг “эгаси” эса “ҳужжатлар тайёрлаганман”, “қарор чиқиши учун ҳокимиятда турибди” каби бир қанча баҳоналарни пеш қилди.

Янгийўл тумани Тинчлик массиви захирасидаги суғориладиган ер майдони эса 12 нафар фуқаро томонидан ноқонуний эгаллаб олинган ва қурилиш ишлари амалга оширилган. Мазкур ҳолат ер назоратчилари томонидан аниқланиб ҳудудий бошқарув органларига хабар берилган. Шундан сўнг ташкил этилган ишчи гуруҳ комиссияси томонидан суд органига даъво аризаси киритилиб суд қарорига кўра ноқонуний қурилган иморатни бузиб унумдор ерни қишлоқ хўжалигига қайтариш таъминланган.

Иккинчи ҳолатда эса Н.Юсупов раҳбарлигидаги “Юсупов ёғ-мой” МЧЖ га тегишли бўлган суғориладиган ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилган ҳамда Бўзсув каналига боғланган зовур оқими йўналиши ноқонуний тарзда ўзгартирилганлиги аниқланди. 

Туман ер назоратчилари ҳамда прокуратура органлари томонидан огоҳлантиришларга қарамасдан ушбу ер участкасини ўрганиш давомида усталар томонидан ҳали ҳам қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган.  

“Давергеодезкадастр” қўмитаси Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Нормўминовнинг сўзларига кўра, 2019 йил 1 январдан бугунги кунгача олиб борилган мониторинглар натижасида ерлар талон-торож қилинганлиги, ерлардан самарасиз фойдаланишга оид 4 мингдан ортиқ ҳолат аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилган. 

Ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланганда фуқароларга Маъмурий жавобгарлик кодексига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баробаригача миқдорида жарима ёки 15 сутка қамоқ жазоси қўлланилади. Шу ҳолат такроран содир этилганда ёки содир этилган қонунбузарликни бартараф этмаган ҳолда эса энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорида жарима ёки 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

https://kun.uz/news/2019/12/09/ozbekistonda-yer-qonunchiligi-buzilishiga-qarshi-keskin-kurash-oyligi-otkazilmoqda

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram