Машаққатли ва шарафли меҳнат эътирофи

Фарғонада бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни тантаналарида бободеҳқонларнинг, вилоят аҳлининг меҳнати яна бир бор улуғланди.
Халқимизнинг энг яхши фазилатлари хусусида гап кетганда, ота-боболаримизнинг меҳнаткашлиги ва миришкорлиги, ер илми ҳадисини олганликлари алоҳида эътироф этилиши бежиз эмас. Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида Фарғонада ўзига хос тажриба мактаби яратилган бўлиб, деҳқончиликнинг муҳим қадрият ва анъаналари асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб сайқалланиб келмоқда. Аммо кўҳна ҳаёт ҳамиша бир маромда давом этар экан, тараққиёт мезонлари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам янгича иш услуби ва ёндашувларни талаб этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Шу сабабли мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида ушбу соҳага инновацион ғоя ва технологиялар кенг жорий этилиб, замонавий илм-фан ютуқлари ва ҳаётий тажрибалар ўзаро уйғунлаштирилаётгани ютуқлар бардавомлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

photo5436214603211189059.jpg

Бугунги кунда вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишда мамлакатимизда етакчилик қилаётгани замирида ҳам ҳаётга татбиқ этилаётган янги-янги ташаббуслар, машаққатли ва шарафли меҳнат мужассамдир. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоқлари истиқболини таъминлаш, хусусан, пахта ва ғалладан юқори самарадорликка эришиш борасида сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўйди. Вилоят деҳқонлари ҳам баракали ҳосил етиштириш мақсадида йил бўйи самарали меҳнат қилди. Хусусан, вилоят меҳнаткашлари пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Жорий йилда 9 та туманда пахта етиштиришда кластер усули жорий этилди. Вилоят пахтакорлари 2019 йил 12 октябрь куни 240 минг тоннадан зиёд пахта хирмонини бунёд этиб, мамлакатимизда биринчи бўлиб пахта топшириш шартнома режасини бажардилар. Шунингдек, фарғоналик фермерлар жорий йилда 820 минг тонна сара дон ишлаб чиқариб, шундан 382 минг 300 тоннадан зиёдини (117 фоиз) давлат омборларига етказиб бердилар. Вилоятда ҳар гектар ердан олинган пахта ҳосилдорлиги ўртача 34-35 центнер, ҳар гектар буғдойдан олинган ҳосилдорлик ўртача 70-75 центнерга етказилди. Илғор фермерлар эса пахтадан 45-50 центнердан, ғалладан 90-100 центнергача ҳосил олишга эришдилар.

photo5436214603211189063.jpg

Ўз навбатида ризқ-рўзимиз манбаи бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи уста бободеҳқонларимизга юксак ҳурмат кўрсатиш, ҳамиша сидқидилдан қилинган меҳнатларини эъзозлаш халқимизнинг энг эзгу фазилатлари сирасига киради. Фарғона шаҳридаги Театр–концерт саройида бўлиб ўтган тадбирда қишлоқ хўжалиги ходимларининг меҳнати яна бир бор эътироф этилди. Бир гуруҳ фарғоналикларга “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидоийси” кўкрак нишони тантанали топширилди. Вилоят ҳокими Ш. Ғаниев барча қишлоқ хўжалиги ходимларини байрам билан қутлади.
– Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмаслигини ўзимнинг ҳаётим мисолида яққол кўрдим, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротова. – Жорий йил ҳаётимда бир умр муҳрланиб қоладиган бўлди. Давлатимизнинг юксак унвонига сазовор бўлдим. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар натижасида фермерлар бугун тараққиётнинг етакчи кучига айланди. Оддий қишлоқ аёлига кўрсатилган юксак эътиборнинг ўзи ҳам аслида шу соҳанинг ютуғи эмасми? Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида фарғоналик деҳқонларнинг меҳнати алоҳида тилга олингани ҳам барчамизни чексиз қувонтирмоқда.Бугунги байрам барча миришкорларнинг катта шодиёнасидир.

photo5429218758616001537.jpg

Фарғона туманидаги “Отчопар” ўйингоҳида халқ сайли сифатида ташкил этилган ҳосил байрамида деҳқону фермерлар, чорвадору боғбонлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари вакиллари, вилоят аҳолиси иштирок этди. 
Миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг чиқиши, полвонлар беллашуви барчада катта таассурот қолдирди. Шаҳар ва туманлар ўртасида ош танлови, улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди. Санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури ҳосил байрами қатнашчиларига завқ-шавқ улашди.
М. СУЛАЙМОНОВ,

М. ҚОДИРОВ (сурат),

ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram