Ҳукуматнинг олти ойлик ҳисоботи тингланди
Бугун Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари Ҳукуматимиз томонидан тақдим этилган жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги, яъни «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг ижроси ҳақида ҳисоботини эшитишди.
Маълумки, Давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 январдаги Парламентга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган эди. Табиийки, ҳукуматнинг олти ойлик ҳисоботини тинглар эканмиз, Дастур ижроси қандай таъминланмоқда, деган ҳақли саволларга жавоб изладик.
Дастурдаги 213 та банддан иборат чора-тадбирлар ижроси бўйича ишлар бошланган, жумладан, 62 та топшириқли банд тўлиқ ижро этилганлиги кузатилди. Шу билан бирга 15 та белгиланган тадбир бўйича уларнинг муддати узайтирилгани инобатга олинган ҳолда, мутасадди идоралардан бу каби оқсашларни жонлантириш сўралди.
Эътиборли жиҳати, бу йилги Давлат дастури доирасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишга қаратилган муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги каби муҳим бошқарув органлари идоралари ташкил этилганлиги эътироф қилинган ҳолда, эндиликда ана шу идоралардан ўз олдиларига белгилаб қўйилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш бўйича дастлабки амалий натижаларни кутишга ҳақлимиз. Демак, улар фаолияти янада кучайтирилишини даврнинг ўзи талаб қилаётганлигини яна бир таъкидлашни истардик.
Шунингдек, яна бир муҳим масала — фаолият кўрсатмаётган, фойдаланилмай турган нотураржой объектларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда уларни ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига кенг жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу борада назоратни янада кучайтириш мақсадида Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази фаолияти ЎзЛиДеР фракцияси аъзолари диққат марказида бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йил Давлат дастурининг асосий жиҳати, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш йўналишида идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш, кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари сифатини ошириш ва рўйхатини кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқасиз ўзаро муносабатларни амалга ошириш шакллари жорий қилинганлигидир. Хусусан, бу борада «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш борасида жиддий ишлар қилиниши лозимлигига ҳам эътибор қаратилди.
Долзарб вазифалардан яна бири, самарасиз фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органлар иши қайта кўриб чиқилиб, тегишли лойиҳа ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарур. Бунда комиссиялар ва ишчи гуруҳлар самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда натижаси бўйича уларни келгусида қисқартириш ва оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрланади. Шунингдек, самарасиз фаолият юритаётган идоралараро коллегиал органларни қисқартириш назарда тутилади.
Ҳукуматнинг учинчи чоракда алоҳида диққат-эътиборида бўлиши зарур бўлган масалалардан бири – бу ёшлар бандлигини таъминлашдан иборатдир. Бунда ҳозирда ишсиз ёшларни меҳнат бозорида талаб бўлган касб-ҳунарларни эгаллаши учун уларни қисқа муддатли курсларда ўқитиш, ишга жойлаштириш, мактабларни битирган ёшлар бандлигини таъминлаш, миграциядан қайтганларни ўз касби бўйича ишга жойлаштиришга эътибор қаратиш, бу борада Инқирозга қарши жамғарма ҳисобидан сарфланган маблағларнинг мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан маҳаллий кенгаш депутатлари орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича «Ўзбекистон ёшлари – 2025» концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарур.
Давлат хусусий шерикчиликни ривожлантириш орқали таълим, соғлиқни сақлаш, тиббиёт, транспорт, коммунал ва бошқа соҳаларда хизматлар сифатини ошириш масалалари ҳам Ҳукуматнинг масъул идораларининг доимий диққат марказида туриши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари
https://human.uz/cyrl/site/inner/5343