А.Ҳаитов: Фаровонликка фақат ўз меҳнатимиз, ҳаракатимиз билан эришишимиз мумкин
Халқимизда «Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади», деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада катта натижага эришмоқчи бўлсак, биринчи навбатда, ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз керак. Негаки, дунёда ҳаракатсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ.
Бу дунёда ҳамма нарса меҳнат, машаққатга боғлиқ. Ким меҳнат қилса, роҳат кўради. Чунки фаровонликка фақат ўз меҳнатимиз, ҳаракатимиз билан эришишимиз мумкин. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз таъкидлаганидек, «олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир».
Хитойда 8 сотих ери бор одам бадавлат ҳисобланар экан. Бизнинг қишлоқларимизда бундан ҳам катта томорқалар бор. Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, ундан доимо унумли фойдаланишимиз лозим. Ахир ҳозирги оғир шароитда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан томорқалардан оқилона фойдаланишимизга боғлиқ.
Шу боис коронавирус пандемияси даврида юртимизда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди. Халқимизнинг дастурхонини обод, турмушини фаровон қилиш билан шуғулланаётган азамат деҳқонларимиз учун кенг имкониятлар яратиб берилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам жойлардаги ҳокимликлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, аҳолини томорқадан самарали фойдаланиши ва яхши даромад олишига кўмаклашиб келмоқда.
Туманларда ташкил этилган «Томорқа хизмати» МЧЖлар эса ҳудуддаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, экин турларини тўлиқ экиш, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатяпти.
Кўрилаётган бу каби чора-тадбирлар аҳоли, айниқса кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган юртдошларимизга карантин билан боғлиқ мураккаб шароитда ҳам ердан самарали фойдаланиш, томорқасидан қўшимча даромад олишга замин яратаётир. Ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш борасидаги ушбу саъй-ҳаракатлар оилавий бюджетга қўшимча даромад келтириши билан бирга, бозорларимиз тўкинлиги, нарх-наво барқарорлиги таъминлашга хизмат қиляпти.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июндаги «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори одамларнинг ўз томорқасидан даромад топиш манбаларини кенгайтириш, уларга кўпроқ қулайликлар яратишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Нега деганда, мазкур қарор билан аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун «Томорқа хизмати» МЧЖларга иссиқхона, совутқичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратилади. Мазкур корхоналарнинг ўз ер майдонларга эга бўлиши эса ўз навбатида, кўчатчиликка ихтисослашган 20-30 сотихли иссиқхоналар қуриб, уларда кафолатланган кўчат етиштириш ва аҳоли хонадонларига етказиб бериш имкониятини яратади.
Қарорда тижорат банклари билан биргаликда, Марказий банкнинг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз онлайн тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизмини жорий этиш белгиланган. Ушбу бандни амалиётга фаол татбиқ этиш орқали кўпроқ аҳолини иш билан банд қилиш имконияти пайдо бўлади.
Мазкур ҳужжатда кластер усулида фаолият юритадиган «Томорқа хизмати» МЧЖларга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратиш ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутқичлар барпо этиш учун кредит ажратиш ҳам назарда тутилган. Айни пайтда мазкур йўналишда 120 та «Томорқа хизмати» корхонасини йирик томорқачилик кластерларига айлантириш ва аҳоли хонадонларида етиштирилган маҳсулотлар учун 20-30 тонналик совутқичлар барпо этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Қарорда яна бир муҳим масала ечими кўрсатиб ўтилгани катта амалий аҳамиятга эгадир. Боиси Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 2023 йил 1 январга қадар «Томорқа хизмати» МЧЖ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 млрд. сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик берилиши ҳамда кредит фоизлари миқдорининг юқорилиги, гаров таъминотидаги қийинчиликлар сабабли кўплаб корхоналарда кредит олишда муаммолар бор эди. Қарорда бу каби муаммоларнинг ечими белгилаб қўйилгани фуқароларимиз, айниқса, тадбиркорларимиз учун кутилмаган янгилик бўлди.
Президентимиз қарорида ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик– 2022 йил 1 январга қадар 6 турдаги асосий воситалар — автомобиль рефрижераторлари, мотокультиваторлар, инкубатор ва брудерлар, бир ўқли тракторлар, мини-тракторлар, иссиқхоналарни олиб киришда божхона божининг (божхона расмийлаштируви учун тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан ташқари) ноль ставкалари белгиланди.
Мазкур қарор билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши зиммасига ҳам алоҳида вазифалар юкландики, эндиликда Кенгаш тегишли вазирликлар билан биргаликда ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастуринишакллантиради ва тасдиқлайди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланган ҳолда икки марта ҳосил олиш ишларини ташкил этади.
Умуман олганда, мазкур қарорнинг асосий мақсади – томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, «Томорқа хизмати» МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтиришдир. Зеро, ҳамма вақт тириклик манбаи бўлиб келган ердан оқилона фойдаланиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг зарурий шарти, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари
http://xs.uz/uzkr/post/ahaitov-khitojda-8-sotikh-eri-bor-odam-badavlat-hisoblanar-ekan-bizda-chi