Томорқада етиштирилган ҳосилни нобуд бўлишига барҳам берилади
Куни кеча Президентимизнинг «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, юртимиздаги томорқа хизматлари ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилади.
– Бунда энг аввало «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамиятлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, маҳсулотларни экспорт имкониятларини янада кўпайтиришга эътибор қаратилади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма директори Тўлқин Сатторов. – Аҳолига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун ерлар ажратилади.
Ҳозирда юртимизда 317 «Томорқа хизмати» мавжуд бўлиб, уларнинг 100 ортиғига жамғарма кредитлари ажратилган.150 ортиғи аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Қолганлари эса иқтисодий масалалар туфайли тўлақонли фаолият юрита олмаяпти. Энди эса уларга бериладиган кўмаклар янада кенгайди. Мисол учун, шу кунга қадар кредит олиш имкони бўлмаган бўлса, энди кластер усулида фаолият юритадиган «Томорқа хизмати»га 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси эса 2023 йил 1 январга қадар кредит миқдорининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик беради.
Энди, «Томорқа хизмати»да аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар, қадоқлаш цехлари барпо этиш учун ҳам кредит олиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан камида 30 та аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш харажатларининг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплашга субсидия ажратилади.
Аҳолига яна бир қулай жиҳати, улар томорқада экин экиш имконига эга бўлмаган ҳолатда хонадон эгаси онлайн тарзда икки миллион сўмгача миқдорда кредит олиш имконига эга. Бунда таъминотчи ушбу маблағ эвазига техник хизмат қилиши, кўчатлар етказиб бериши мумкин.
Қайд этиш керакки, 2021 йил 1 январга қадар Фарғона вилоятида «Томорқа хизмати» таклифлари асосида Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳузуридаги «Ахборот-маслаҳат марказ»лари ҳамда “In-vitro” лабораторияси ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлари ва кўчатларини тайёрлаш, етказиб бериш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳамда етиштириш агротехникаси юзасидан шартнома асосида маслаҳатлар беришни бошлайди. Томорқа ер эгаларининг малакасини ошириш тизимли ташкил этилади.
Демак, энди томорқачилар етиштирган ҳосил нес-нобуд бўлмайди, деҳқон давлат ҳимояси ва эътиборида.
http://uza.uz/oz/society/tomor-ada-etishtirilgan-osilni-nobud-b-lishiga-bar-am-berila-01-07-2020