САХОВАТЛИ ФЕРМЕР

Ҳозирги кунда бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси инсониятга жиддий ташвиш туғдирди. Айни пайтда жаҳондаги барча давлатлар ушбу кўринмас ёвга қарши ҳамжиҳатликда астойдил кураш олиб бормоқда. Мамлакатимизда ҳам мазкур офатга қарши бир жону бир тан бўлиб, хукуматимиз бошчилигида самарали ва муваффақиятли иш олиб борилаётганини таъкидлаш ўринли.

Инсонларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган бу пандемияга қарши курашда, энг аввало, халқимизнинг омонлиги ва саломатлиги, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясига асосий эътибор қаратилаётгани ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг чуқур инсонпарварлик руҳи билан суғорилганини кўрсатади. Дарҳақиқат, ҳозирги пандемия шароитида аҳолини ҳар томонлама ижтимоий ҳимоясига кучли эътибор қаратиляпти, юртимизда ҳеч ким меҳр-мурувват ва эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Шуни фахр билан таъкидлаш ўринлики, юрт бошига шундай қийинчилик келганда саховатли, қалби меҳр-мурувватга тўла инсонлар ҳам кўплигидан кўнглинг тоғдек кўтарилади. Қолаверса, халқимизнинг азалдан бундай олижаноб қадриятга эга эканлигини бутун дунё билади, десак, янглишмаймиз.

Зангиота туманидаги “Найман”, “Мевазор” ва “Ҳаракат” маҳалласида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 60 та хонадонга карантин даврида «Тўлаган» кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан доимий равишда йўқланиб, маънавий ва моддий кўмак кўрсатиб турилди. Уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари орқали меҳр мурувват улашилди. Айтиб ўтиш жоизки, мазкур фермер хўжалиги томонидан бу каби хайр-саховат тадбирларини ўтказиб туриш анъанага айланган.

Бунинг асосий сабаби – фермер хўжалиги раҳбари Мамадиёр Нуртоевнинг кўплаб инсоний фазилатларга эга эканлигидир. Шуни айтиш жоизки, «Тўлаган» кўп тармоқли фермер хўжалигини фақат Зангиота туманида эмас, балки Тошкент вилоятида ҳам яхши билишади.

Зангиота туманида бугунги кунда 268 та фермер хўжалиги фаолият олиб бораётган бўлиб, шунинг 40 таси чорвачилик йўналишига ихтисослаштирилган. Республикамизда фермерлик ҳаракати бошлангандан кейин, дастлаб ташкил этилган қалдирғоч фермер хўжалиги ўтган чорак аср давомида мамлакатимиз иқтисодини юксалтиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётир. Айни пайтда, фермер хўжалиги чорвачиликка ихтисослашган бўлиб, ҳозирда бу ерда 515 бош наслли қорамол парваришланмоқда. Шулардан 140 боши соғин сигирларни ташкил этади. Уларнинг ҳар биридан кунига 15-40 литрдан сут соғиб олинмоқда.

Жами бўлиб хўжаликда 90 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг 30 нафари чорвачилик йўналишида меҳнат қилишади. Фермер хўжалиги раҳбари Мухамадиёр Нуртоевнинг суяги чорвачиликда қотган десак, адашмаймиз. У киши 44 йилдан бери шу соҳада меҳнат қилиб, ўз касбини улуғлаб келаётир. Шунингдек, хўжаликда наслли, зотдор қорамолларни бошқа фермерлар ва аҳолига ҳам етказиб бериш яхши йўлга қўйилган. Жумладан, жорий йилда 30 бош наслли қорамол имтиёзли кредит асосида тумандаги аҳоли вакилларига тарқатилди. Йил охиригача яна 50 бош зотдор қорамолни қўшимча равишда чорва билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга имтиёзли шартлар асосида етказиб бериш мўлжалланган. Маълумки, чорвачиликнинг муҳим талабларидан бири – қарамоғида парваришланаётган қорамолларни мунтазам равишда сифатли ва тўйимли озуқа билан таъминлаб туриш бўлиб, хўжаликда ушбу масалага жиддий ёндошилмоқда.

Ҳозирги кунда бу ерда 10 гектар майдонда сифатли, мўл озуқа экинлари етиштирилмоқда. Қиш ғамини ёзда қил деганларидек, мавсум учун 1000 тоннадан ортиқ пичан тайёрланди. Зарур озуқани ўз вақтида бериб, меҳр билан парваришланаётганлиги боис, сигирлардан кунига 2 тоннадан ортиқ сут соғиб олинмоқда. Хўжаликда айни пайтда яқин атрофдаги маҳаллаларда яшовчи аҳоли вакилларидан 8 нафари сут соғувчи бўлиб меҳнат қилади. Хўжаликда зотдор қорамолларни соғиб олишда замонавий илғор технологиядан фойдаланилади. Италияда ишлаб чиқарилган энг янги технологик асбоб – ускуналар соғувчиларнинг оғирини енгил қилиш билан бирга сутни сифатли соғиб олишда ҳам қўл келаётир. Янги, ҳали қаймоғи олинмаган сутлар Қибрай тумани маркази ва Чирчиқ шаҳридаги корхоналарга пешма-пеш етказиб берилмоқда. Моҳир сут соғувчилардан Гулчеҳра Ахмедова, Маъмура Тўрабекова, Феруза Ахмедова ва Хосият Алиевалар соғин сигирларни ўз вақтида соғиб олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Меҳнат манфаатдорлиги ҳам чакки бўлаётгани йўқ. Уларнинг ойлик маоши ўртача 3 миллион сўмни ташкил этаётир.

Кўп тармоқли фермер хўжалигида чорвачилик йўналишидан ташқари, боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик ва сабзавотчилик каби соҳаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер хўжалигида тайёрланаётган маҳсулотлар мамлакатимиз иқтисодиётига, юртимиз фаровонлиги ва халқимиз дастурхонини мўл-кўл этишда асосий омил бўлаётир. Муҳим жиҳатларидан бири шуки, хўжаликда ишловчиларни ижтимоий ҳимоясига эътибор мақтагулик даражада. Улар ҳар куни бепул тушлик, махсус иш кийимлари билан таъминланган. Кам таъминланган оила вакилларига бир бошдан қорамол берилди. Бундан ташқари, ҳар бир байрам саналарида уларга турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилади. Даволаниш ва соғлигини тиклаш учун имтиёзли равишда санаторийларга йўлланмалар билан таъминланмоқда.

Вафо ЛАТИПОВ

Одилжон ЭРГАШЕВ

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram