71 миллиард сўмни ололмаётган андижонлик фермерлар арзи: “Ёлғонга ўралган ваъдалар ҳамон муаллақлигича қолаётир”

71 миллиард сўмни ололмаётган андижонлик фермерлар арзи: “Ёлғонга ўралган ваъдалар ҳамон муаллақлигича қолаётир”

Яқинда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Мурожаат билан чиққан эди. Унда ишлаб чиқарувчилар ва тайёрловчилар ўртасида ғалла харид нархи ва рағбатлантириш механизми борасидаги муносабатларни ечими масаласи кўтарилган эди. 

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос жиҳатлар борлиги, рост. Хусусан, суғориладиган экин майдонлари чекланиб бораётган ва янги ерлар ўзлаштириш имконияти қолмаётган туманлар, вилоятлар бор. 

Жумладан, географик харитада нуқтадек жойни эгаллаган Андижонда 3 миллионда зиёд аҳоли яшайди. Ҳар йили 50-60 минг кишига кўпаяётган ҳудудда ҳосилдорликни оширишдан бошқа имконият қолмаётир. Бунинг учун эса фермернинг даромади мўл ва қўли узун бўлиши керак. Қўлни узун бўлиши эса моддий манфаатдорликка бориб тақалади. 

Тоҳиржон Режабов,

Олтинкўл туманидаги “Истиқлол” фермер хўжалиги раҳбари: 

– Ер эгаси бўлганимга яқинда 30 йил бўлади. Фаолиятимни бир гектар ер билан бошлаган бўлсам, ҳозирда 50 гектар ерда деҳқончилик қиламан. Ғалла ва пахтадан доим яхши ҳосил олганмиз. Айтиш керакки, ғалла ва пахта тайёрлаш давлат буюртмаси асосида бўлсада, сарф-харажатлар ўртасида анчагина фарқ бор. Оқибатда олинаётган даромад ҳар томонга сочилиб кетмоқда. Ваҳоланки, ер қувватини ошириш, илғор технологияларни татбиқ этиш каби энг устивор вазифалар ортга сурилмоқда. 

Тўғри, уста-деҳқонлар ҳеч қачон айбни ерга, тупроққа тўнкамайди. Ҳосилдорликни оширувчи омиллардан фойдаланишга эътибор қаратади, холос. Айни вақтда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари таъминлаш юзасидан қабул қилган Мурожаати биз, ер эгалари учун кутилмаган туҳфа бўлди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳосилдорликка қараб рағбатлантириш вазифаси белгиланган эди. Бундан руҳланиб, ҳосилдорликни кўтариш билан боғлиқ агротехник тадбирларни узвийлигини таъминлашга кўпроқ эътибор бердик. Бунинг учун анчагина маблағ йўналтирдик. 

Натижада 240 минг тонна ўрнига 262 минг 800 тонна дон етиштириб, дон корхоналарига етказиб бердик. 

Бегали Қодиров,

Андижон вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси: 

– Вилоятда асосий харид нархига қўшимча 71 миллиард сўмдан зиёд даромад олингани фермерларнинг қанчалик жон куйдириб меҳнат қилганини кўрсатиб турибди. Аммо, ғалла мавсумининг якунланганига қариб 100 кун бўлсада, ҳанузгача тайёрланган дон учун фермерларга тўловлар якунланмади. Халқона айтганда фермерлар донни “қўли билан топшириб, ҳаққини олишга оёғи билан югурмоқда”. 

Туман ва вилоят даражасида фермерлар додини айтмоқда. Бироқ, маҳаллий мутасаддилар жўяли жавоб айтишга қодир эмас. Ёлғонга ўралган ваъдалар эса ҳамон муаллақлигича қолаётир. Бу борада қабул қилинган Мурожаат фермерларнинг кўнглига малҳам бўлди. Ахир, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида қайд этилган имтиёзлардан мақсадли фойдаланиш йўлида қўшимча харажат қилган фермерлар тайёрлов корхонасидан оладиган ҳаққи устидан харажат қилиб қўйгани ҳақиқат. Қўшимча ўғит харид қилиш, зараркунандаларга қарши кураш, сувчиларга олдиндан берилган ваъдалар жамланса, мавсумнинг кўтаринкилик билан якунланганлиги янада ойдинлашади. 

Авазбек Исмоилов,

Олтинкўл туманидаги “Турсунбой ота” фермер хўжалиги иш юритувчиси: 

– Давлат буюртмаси учун ғалла ва пахта етиштирувчи фермерлар билан ҳисоб-китоб қилиш механизмини бозор муносабатларига мос тарзда шакллантириш масаласида вақтни бой бермоқдамиз. Шартнома шартлари ижросида тайёрловчиларнинг қўли ҳамиша баланд келмоқда. Фермерлар даласида ишлаш ўрнига идорама идора юриш билан вақтни бой бермоқда. Қатор хорижий давлатларда сафарда бўлиб, деҳқончилик йўналишини кузатганман. Афсуски, биз бу борада анча орқадамиз. Биздаги югур-югурлар, бюрократик тўсиқларни хорижликлар кўз олдига келтира олишмайди. 

Бизнинг уларда қаеримиз кам. Хорижда қайсидир маҳсулотларга давлат субсидия ажратади. Хўп, дон етиштириш ва тайёрлаш борасида мувозанатни таъминлаш керак. 

Сих ҳам кабоб ҳам куймасин. Шунда деҳқончилик маданияти ортади ва маҳсулот миқдори кўпаяди. 

Сайёра ШОЕВА, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/71-milliard-s-mni-ololmayetgan-andizhonlik-fermerlar-arzi-ye-08-10-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram