“Ун нархини ошириш керак. Фермер хўжаликларига қарзимизни тўлай олмаяпмиз” – Ўздонмаҳсулот
Давлат харидлари бўйича ғаллага паст нарх белгилангани, унинг арзон баҳода сотилиши фермер хўжаликлари ва дон корхоналарига иқтисодий зарар келтираётгани туфайли фермерлар ҳукуматдан ғаллани эркин нархларда сотиш тизимини йўлга қуйишни сўраганди. Шу масала юзасидан Togri.uz “Ўздонмаҳсулот” фаолияти билан яқиндан танишди. Ўрганиш натижасида ушбу ташкилот фермер хўжаликларидан қарзи борлиги ва уни тўлашга имкони йўқлиги аниқланди.
Бир қатор фермерлар давлатнинг ғаллани арзон нархда сотиб олиши, дон корхоналари уларга ўз вақтида тўлов қила олмаётгани, бу эса фермер хўжаликларига иқтисодий зарар келтираётгани бўйича норозиликлар билдиришганди. Togri.uz жамоаси республикадаги дон етиштириш бўйича энг йирик корхона саналган “Ўздонмаҳсулот” АКга қарашли “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ фаолияти мисолида муаммо билан яқиндан танишди.
Дон корхоналари фермер хўжаликларига қарзини тўлай олмаяпти
“Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ бош ҳисобчисининг айтишича, ҳозирги кунда корхонанинг фермер хўжаликларидан 32,6 млрд қарзи бор ва бунинг асосий сабаби ғалла ва унга давлат томонидан аниқ нарх белгилаб қўйилганидир.
“Биз фермерларга ғалла учун шартномада кўрсатилган 1200 сўм нарх бўйича ҳақ тўлай олдик, холос. Қўшимча устама ва режадан ортиқ бажарилган ғаллага тўлай олмадик”, дейди бош ҳисобчи.
Дон корхоналари: “Ун нархини ошириш керак”
Дон корхоналари фермерлардан ғаллани давлат белгилаган нархда – 1430 сўмдан сотиб олиб, унни 1400 сўмдан сотмоқда. Натижада корхоналар иқтисодий зарар кўрмоқда.
“Бизда уннинг нархи давлат томонидан белгилаб қўйилган ва биз ана шу нарх бўйича ишлаймиз. Ҳозирги кунда уннинг 1 килоси 1400 сўм. Энди уйлаб кўринг, ғаллани 1430 сўмдан сотиб оламиз. Боз устига, бошқа харажатларимиз ҳам бор. ҚҚС билан ҳисоблаганда маҳсулотни 2400 сўмдан сотишимиз керак, ундан кам эмас. Акс ҳолда, биз зарарига ишлаган бўламиз”, дейди корхона бош ҳисобчиси.
“Фермер хўжаликлари ҳосилдорликдан даромад олишмаяпти”
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғининг айтишига қараганда, ғалла етиштирувчи фермерларнинг харажатлари сони ва нархи йилдан-йилга ошиб бораётганлиги, қолаверса ғаллага аниқ нарх белгилаб қўйилгани хўжаликларнинг фойда кўра олмаётганига сабаб бўлмоқда.
“Нарх ошишидан қўрқмаслик керак”
Фермерларнинг мурожаатлари инобатга олиниб, ғалла нархи эркинлаштирилган тақдирда бу ҳолат бозордаги ун ва ун маҳсулотларининг нархига таъсир кўрсатмайдими?
“Бозорда қайси маҳсулот танқис бўлса, унинг нархи ҳам кўтарилади. Биз эркин нархда маҳсулотимизни кўпайтирсак, бу ўз навбатида нархнинг пасайишига олиб келади. Шунинг учун ноннинг нархи кўтарилиб кетишидан қўрқмаслик керак”, дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.
https://www.togri.uz/kr/iktisodiet/uzdonma-sulot-fermer-kh-zhaliklariga-arzimizni-t–21519