Илғор теримчилар рағбатлантирилмоқда

Илғор теримчилар рағбатлантирилмоқда

Пахта – 2019 

Сирдарёлик пахтакорлар жорий мавсум учун 72 минг 557 гектар майдонга чигит қадаган эди. Ғўза белгиланган агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди. 

Мавсумда давлатга 220 минг 38 тонна пахта хом ашёси етиштириб бериш мақсадида 1 минг 448 фермер хўжаликлари ҳамда 4 та пахта-тўқимачилик кластери далаларида ҳосил йиғим-терими уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. 

Пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда нафақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, балки, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда. 

IMG_7443.JPG

 Ушбу қишлоқ хўжалиги мавсумида вилоят бўйича 1 минг 424 та пахта йиғим-терим отряди ташкил этилган бўлиб, уларга 140 мингдан ортиқ теримчи бириктирилди. Шундан, 20 минг нафарга яқинини фермер хўжаликлари ва кластерларнинг аъзолари бўлса, 80 минг нафарда ортиғини кўнгилли ҳашарчилар ташкил этди. 

Пахта йиғим-теримига вилоят бўйича жами 400 пахта териш машиналари сафарбар этилган. 

IMG_7447.JPG

 Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бевосита ёрдамида пахта йиғим-терим жараёнига ихтиёрий равишда жалб этиладиган банд бўлмаган фуқароларни вилоятда илк бор тажриба сифатида ташкил этилган 90 та ҳашарчилар дала марказларига 30 мингдан ортиқ ҳашарчи жойлаштирилди. Бундан ташқари, вилоятнинг пахта етиштирувчи туманларида яна 100 дан ортиқ ётоқ жойлари ташкил этилди. 

– Биз ҳашарчилар учун тайёрланган “Чодирли шаҳарчалар” ётоқхоналарида барча қулайликлар ҳозирланган, – дейди Фарғонадан келган ҳашарчи-теримчилардан бири Сокина Шарипова. – Шу ернинг ўзидаги ошхонада стол-стуллар, овқат пишириш учун қозон, ўчоқ, самовар, музлаткич, тоза ичимлик суви, идиш-товоқлар мавжуд. Ҳар куни уч маҳал иссиқ овқат қилиб берилмоқда. Тушликни пахта даласига, махсус термос идишларда етказиб беришади. Далада меҳнат қилиб қайтганимиздан сўнг, кўрпа-ёстиқ, юмшоқ ўриндиқларда маза қилиб ҳордиқ чиқарамиз. 

Вилоятнинг бошқа пахтакор туманлари сингари Гулистон тумани пахтакорлари ҳам етиштирилган мўл ҳосилни тез ва сифатли йиғиб-териб олиш учун юксак уюшқоқлик билан меҳнат қилмоқда. 

IMG_7655.JPG

 Етиштирилган пахта ҳосилни йиғиб-териб олишда вилоят “Сувоқава”, уй-жой коммунал хўжалиги бошқармалари ишчи-хизматчилари, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан келган 50 нафар ҳашарчи, Гулистон шаҳридаги “Аҳиллик”, “Тараққиёт”, “Янги ҳаёт”, “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинларидан ёрдамга чиққан банд бўлмаган аҳоли айниқса, ғайрат ва шижоат кўрсатиб меҳнат қилаётир. 

Қаердаки, моддий манфаатдорлик бўлса, ўша ерда иш унумли бўлади. Ҳар бир ҳашарчига кунлик терим пуллари кунма-кун дала бошида бериб борилаётгани, ҳомийлар томонидан илғорларга топширилаётган қимматбаҳо совғалар ҳам уларнинг ғайратига ғайрат қўшмоқда. 

“Бек қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бунёд Қамбаров шанба-якшанба кунлари “Бек чорва” кўп тармоқли фермер хўжалиги даласидаги ҳашарчиларни тушликда дала бошида “Тўй оши” билан сийлади. Шу куннинг ўзида 15 нафар энг илғор ҳашарчиларни электр чойнак, дазмол каби совғалар билан рағбатлантирди. 

– Биз ҳашарчилар меҳнатимиз муносиб рағбатлантирилаётганидан хурсандмиз, – дейди фарғоналик илғор теримчи А.Мадалиева. – Ҳар куни 130-140 килограммдан ошириб пахта териб, хирмонга топширяпман. Пахта пулини кунлигини кунда олиб боряпмиз. Бундан ташқари, ҳомийлар томонидан турли совғаларни олиш, жуда ёқимли. 

Булардан ташқари, ҳар бир 50 килограмм пахта терган кишига 1 литр, 75 килограмм терганига 2 литр, 100 килограмм терган теримчига 3 литр писта ёғи дала бошида тарқатилмоқда. Бу эса бир-бир ярим ойлик мавсумда оила иқтисодини мустаҳкамлаб, кам кўстини тўғрилаб олиш имкониятини беради. 

Моддий рағбатлантиришлардан пахта далаларида баракали меҳнат қилиб, ким кўпроқ фойдаланса, оила бюджетини шунча барқарор қилади, давлатимиз пахта хирмонининг юксалишига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/il-or-terimchilar-ra-batlantirilmo-da-04-10-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram