Озуқабоп экинлар экиш тизимини такомиллаштириш – долзарб вазифа

Озуқабоп экинлар экиш тизимини такомиллаштириш – долзарб вазифа

Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик тармоқларини жадал ривожлантириш, халқимизни арзон ва сифатли гўшт, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. 

Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 18 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ажратиладиган лалми ва яйлов ер участкаларида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун озуқабоп экинлар етиштирувчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлди. Уларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғилашга ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади. 

Шунингдек, озуқа базасини мустаҳкамлаш ва алмашлаб экиш тизимини тиклаш мақсадида ғалладан ва пахтадан бўшаган ер майдонларининг камида 10 фоизига беда экиш бўйича қарор қабул қилинган. 

Беда чорва учун озуқабоп ўсимлик экани билан бирга, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва оширишга ҳам ёрдам беради. Ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб ушбу экин бўйича чуқур илмий изланишлар ўтказилган. Ана шундай тадқиқотлардан бири беданинг тупроқда қолдирадиган илдиз қолдиғи ва унинг таркибидаги озуқа элементларини ўрганишдан иборатдир. Олимлар томонидан турли йилларда ва турли тупроқ-иқлим шароитларида олинган маълумотларга қараганда, беда ўртача биринчи йили гектарига 5-8 тоннагача, иккинчи йили 7-17 тоннагача, учинчи йили эса 9 тоннадан 21 тоннагача илдиз массасини тўплайди, яъни шунча миқдордаги қимматли органик қолдиқни тупроқнинг 3-6 метрдаги қатламида қолдириши исботланган. Ушбу кўрсаткичлар беданинг фақат илдизи бўйича маълумотлар бўлиб, беда ўрилганидан кейин тупроқнинг устки қатламида ҳам гектарига 3-5 тонна миқдорида пояни қолдиради. 

Таъкидлаш керакки, беданинг тупроқда қолдирган илдиз қолдиқлари таркибидаги озуқа моддалар тупроқ унумдорлигини оширади. 

Бугунги кунда чорвачилик хўжаликларининг озуқа ер майдонлари кенгайтирилиб, мавжуд 1,4 миллион шартли молга 5,6 миллион гектар ёки ҳар бир шартли молга 0,40 гектар ер майдони ажратилган. Республикамизда 10 мингга яқин чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. 

Амалга оширилган ижобий ишлар билан биргаликда тармоқда бир қатор камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, ҳамон озуқа экинлари учун ажратилган ер майдонларига пахта ва ғалла экиб юбориш ҳолатлари мавжуд. Масалан, жорий йилда Бухоро вилоятида 60 фоиз, Андижонда 30 фоиз фермер хўжаликларининг озуқа ерларига пахта ва ғалла экилган. Олтинкўл, Балиқчи, Бешариқ ва Риштон туманларида озуқа экинлари учун ажратилган ер майдонларига 100 фоиз ғўза ва ғалла жойлаштирилган. Айрим туманларда озуқа ерларига сабзавот, полиз экинларини экиб юбориш ҳолатлари мавжуд. 

Деҳқончилик маданияти қанчалик юқори бўлса, тупроқ унумдорлиги ошиб бораверади, экинлардан юқори ҳосил олиш таъминланади. Тупроққа бепарволарча муносабатда бўлиш, деҳқончиликда замонавий бўлмаган усулларни қўллаш эса тупроқ унумдорлигини, ҳосилнинг миқдори ва сифатини пасайтиради. Шу туфайли ҳам бир қатор туманларда эътиборсизлик билан фойдаланиш туфайли озуқа ер майдонларининг ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда. Бундан ташқари, айни пайтда ҳар бир гектаридан 10-12 тонна ҳосил олинадиган ер майдонларидан атиги 5-6 тонна озуқа олинмоқда. 

Аслида паррандачиликда кунлик рационнинг 85 фоизини ем озуқалар ташкил этади. Бироқ ушбу емга озуқа сифатида ишлатиладиган соя шроти четдан келтирилмоқда. Балиқчилик хўжаликларининг ем озуқаларга бўлган талаби 50 фоизга қондирилган. Жойларда балиқ учун 100 фоиз тўйимли ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар етишмайди. Бугунги кунда чорвачилик фермер хўжаликларидаги чорва молларининг озуқага бўлган талаби атиги 35 фоизга таъминланган. Чорвачилик фермер хўжаликларида озуқа техникалари билан таъминланиш атиги 20-25 фоизни ташкил этади. 

Маълумотларга кўра, республика бўйича ҳар бир сигирдан йилига сут соғиб олиш миқдори 2 тоннага тенгдир. Қозоғистон ва Россия давлатларида бу кўрсаткич 5-6 тоннани, АҚШ ва Исроилда 10-12 тоннани ташкил этади. Жорий йилда наслчилик хўжаликлари томонидан фермер хўжаликларига режадаги 15,1 минг бош ўрнига амалда 5 минг бош наслли қорамол етказиб берилган. 

Шунингдек, 2018 йилда республикамизга четдан 14,5 минг тонна гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Ҳозирги кунда эса Ўзбекистонга гўшт Қозоғистон, Қирғизистон ва Мўғулистондан импорт қилинмоқда. 

Мазкур ҳолатларни ҳисобга олиб, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқага бўлган талабини янада тўлақонли қондириш мақсадида қорамолчилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ғалла майдонларини ҳамда дон корхоналарини бириктириб, ғаллачилик кластерларини ташкил этишни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бу шу йўналишда фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш, пировард натижада чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради. 

Ҳусан ҒИЁСОВ, 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқаер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси.

http://uza.uz/oz/society/ozu-abop-ekinlar-ekish-tizimini-takomillashtirish-dolzarb-va-03-10-2019

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram