Дала қаҳрамонларидан бири
Қишлоқ хўжалиги Бу йил ёз иссиқ келди. Шундай жазирама кунларда далаларда ҳосил етиштириб, эл-юртимиз фаровонлигига хизмат қилаётган деҳқонларимизнинг фидойилиги, машаққатли меҳнати ҳақида ҳеч ўйлаганмисиз?
Улар борки, бозорларимизда ҳамиша озиқ-овқат маҳсулотлари сероб, дастурхонларимиз тўкин.
– Бу иссиқ ҳаво, ёзда ҳароратнинг кўтарилиши ғўза учун айни муддао. Ғўза шу ойларда ҳароратни хоҳлайди, – дейди оққўрғонлик фермер Обиджон Анорбоев.
Тошкент вилоятидаги Оққўрғон туманида бўлиб, фермерларнинг ишлари билан танишганимизда Обиджон аканинг далаларини кўриб, кўнгиллар яйради. Яшнаб турган кўм-кўк пайкаллар фермер хўжалигида ишлар тўғри ташкил этилганини кўрсатиб турарди.
Асли касби ҳайдовчи бўлган Обиджон ака мамлакатимизда фермерлик ҳаракати бошлангач, ота-боболаримизнинг касби билан шуғулланишга қарор қилди. Дастлаб фаолиятини уч гектар ер билан бошлади. Қарийб 25 йилдан буён даладан бери келмайди.
– Нима иш билан шуғуллансангиз, унга бор меҳрингизни бериб, астойдил ишласангиз натижа бўларкан, – дейди фермер камтарлик билан. – Ҳозир ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ.
Дарвоқе, ҳозир Обиджон Анорбоев раҳбарлик қилаётган “Одил“ фермер хўжалигининг ихтиёрида 100 гектар ери бор. У давр талабидан келиб чиқиб, пахтачилик ва ғаллачиликдан ташқари, чорвачиликни ҳам йўлга қўйди. Хўжалик ихтиёрида ўн бешга яқин қишлоқ хўжалиги техникаси бор. 2016-2018 йилларда пахтадан 30 центнердан, ғалладан 40-70 центнердан ҳосил олди. Пахта ва ғалла топшириш шартномавий режаларини муттасил бажариб келади.
Меҳнатга яраша буромад деганларидек, 8 нафар доимий, 26 нафар мавсумий ишчисининг рўзғори шу фермер хўжалиги туфайли тўкин, обод, кун сайин фаровонлашиб бормоқда. Фермер ўзларидан орттириб, гоҳида кам таъминланган оилаларга ёрдамлашиб, мактабларнинг аълочи ўқувчиларини рағбатлантириб туради.
Бу йил фермернинг режалари янада ҳам улкан. Айни пайтда 50 гектар ғалла майдонининг ҳар гектаридан 70 центнердан ҳосил олиб, ғалладан бўшаган 14 гектар ерга такрорий экинлар экди. Ғўзаларининг авжи меъёрида, ҳосил чўғи кўнгилдагидек. Яқин кунларда теримни бошлайди. Миришкор деҳқонлар пахтанинг ҳар гектаридан 40 центнердан хирмон кўтаришни мўлжаллаяпти.
Ҳа, О.Анорбоевдек ерни севадиган, меҳнаткаш, фидойи инсонлар, ўз ишининг усталари бор экан, элнинг юки сира ерда қолмайди. Ўзбекистон янги марраларни забт этаверади.
Жаҳонгир ГАЛАЕВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ватоморқа ер эгалари кенгаши етакчи мутахассиси.
http://uza.uz/oz/society/dala-a-ramonlaridan-biri-27-08-2019