Деҳқон иқлимга мослашиб бориши керак
2040 йилларга бориб мева-сабзавотлар етиштириш 40-60 фоизга камайиб кетиши мумкин
Наманган шаҳридаги “Шедевр Плаза” меҳмонхонасида “Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини таъминлаш” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури, “Россия Федерацияси – БМТТД ривожланиш” мақсадли жамғармаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа тақдимотида фермерлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда лойиҳа раҳбари У.Дадабоев мақсад ва вазифалар ҳақида электрон кўргазмали воситалар ёрдамида кенг тушунча ва маълумотлар берди. Мамлакатимиз иқтисодиётининг учдан бир қисмини қишлоқ хўжалиги ташкил қилиб, 180 турдан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташқи бозорга чиқарилмоқда. 2030 йилга бориб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини икки баробарга ошириш мўлжаллангани таъкидлаб ўтилди.
– Бироқ, бу кўрсаткич бир ярим баробарда ҳам тўхтаб қолиши мумкин, – дейди У.Дадабоев. – Чунки, дунё бўйича кузатилаётган иқлим ўзгаришлари мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмайди. Сел, жала, сув тақчиллиги, қурғоқчилик, давр сурилиши омиллари қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатиши ва 2040 йилларга бориб мева-сабзавотлар етиштириш 40-60 фоизга камайиб кетиши мумкин. Ўзбекистон гидрометеорология марказининг кузатувлари таҳлилига кўра юртимизда ҳар ўн йилда ҳаво ҳарорати 0,27 даражага кўтарилмоқда ва 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 даражани ҳосил қилиши тахмин қилинмоқда. Шу нуқтаи назардан фермерларимиз иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ҳамда ҳосилдорлик даражасини камайтириб юбормаслик чораларини бугундан кўриб бориши зарур. Бунда фермерларни илмий жиҳатдан қуроллантириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўрганишлар шуни кўрсатдики, Фарғона водийсидаги фермерларнинг 30 фоизи иқлим ўзгаришлари хатари тўғрисида деярли тушунчага эга эмас.
Тақдимотда лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, йўналишлари, фаолият турлари ҳақида кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Лойиҳа икки йўналишда: агросаноат соҳасида табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш воситаларини қўллаш ва иқлим хатарлари билан курашиш бўйича қарор қабул қилувчи ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини такомиллаштириш, кичик фермерларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича фаолият олиб боради.
Уч йил муддатда амалга оширилиши мўлжалланган ва умумий қиймати 800 минг доллар бўлган лойиҳа қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳамкорлигида Андижон, Фарғона ҳамда Наманган вилоятларида амалга оширилади.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/de-on-i-limga-moslashib-borishi-kerak-26-07-2019