Мақсад манфаатдорликни ошириш, одамларни бой қилиш
Президент Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Оқдарё туманидаги “Pure milk Oqdaryo” фермер хўжалиги даласида бўлиб, миришкорлар билан суҳбатлашди.
Мазкур фермер хўжалигининг майдони 1 минг 360 гектар. Шундан 634 гектар жойга пахта, 50 гектарига ғалла, 366 гектарга озуқа ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилган.
Жорий йил ғалладан 283 тонна ҳосил олиниб, 135 миллион сўм соф фойда кўрилган. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида маккажўхори экилган.
Ғўза майдонларини хориж технологияси асосида томчилатиб суғориш жорий этилган. Бу минерал ўғит ва культивация ишлари самарадорлигини ошириш, харажатларни қисқартиришда муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда бир туп ғўзада 3-4 дона кўсак, 7-10 дона гул, 10-12 дона шона мавжуд. Хўжалик аъзолари ҳосилдорликни 45 центнерга етказишни режалаштирган.Умумий ишчилари сони 400 дан ортиқ.
Бундан ташқари, фермер хўжалигида 2100 бошдан зиёд йирик шохли чорва моллари боқилмоқда. Бу ҳам хўжалик ишчилари турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳамма соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам асосий мақсад халқимиз манфаати экани, қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўша экилиши, бунинг учун экининг уруғи зўр бўлиши, соҳага илмий ёндашув зарурлигини таъкидлади.
Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени ҳар куни қийнайди. Бунинг учун ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳада имкониятлар бор. Қишлоқ хўжалигида – янги технологияларни жорий қилиб, ҳосилдорликни ошириш, хомашёни қайта ишлаш. Қайта ишлаш бўлса, даромад, иш ўрни кўпаяди. Манфаатдорлик бўлиши учун қилинган харажатни қоплаб, фойда кўриш керак. Эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун ҳар бир одам ўзи ҳаракат қилиши зарур. Ҳозирги замонда ким ютади – интилган ютади, меҳнат қилган ютади, деди Президент.
Давлат раҳбари қолган хўжалик ва кластерлар ерини ҳам томчилатиб суғоришга ўтказиш, ҳосилдорлик паст майдонларда ғаллани қисқартириб, даромади ундан юқори мева-сабзавотлар экиш, фермер ва кластерлар учун минитехнологиялар етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берди.
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА
http://uza.uz/oz/politics/prezident-fermerlar-bilan-su-batlashdi-26-07-2019