Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашининг деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига мурожаати

Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!

Улкан ўзгаришлар, оламшумул янгиланишлар даврида яшамоқдамиз. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқимиз ҳаёт даражасини, турмуш фаровонлигини ошириш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидан кўнглимиз тоғдек юксалмоқда, қалбларимиз ғурурга тўлмоқда.

Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Томорқа — ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Айни вақтда мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 445 минг гектардан зиёд экин майдонида меҳнат қилмоқда.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтириш пайидан бўлайлик. Бу каби тартиб-таомил асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил ҳаракат қилади.

Деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонларимиз фасллар алмашаётган, табиат уйғонаётган ушбу бетакрор паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Об-ҳаво, иқлим инжиқликлари билан курашавериб пишган деҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланади. Барча томорқа ер эгаси сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва мевалар етиштириб, оила эҳтиёжидан ортганини бозорга чиқариш орқали қўшимча даромад топишга ҳаракат қилади.

Бугунги кунда деҳқонларимиз ва томорқа ер эгаларининг олдида турган биринчи галдаги вазифа ўз ҳовлиси, томорқаларини тартибга келтириш, ерга уруғ қадашга тайёргарлик кўришдир. Бунинг учун ҳовли, экин экиладиган майдонларнинг ариқлари хас-хашаклардан тозаланиши, мевали дарахтларнинг таглари юмшатилиши, турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг танаси оқланиши керак. Чунки ҳозир мевали дарахтларга ҳам турли зараркунандаларга қарши ишлов беришнинг айни вақти. Бу ишлар амалга оширилса, ҳовлилар, хонадонлар обод бўлади. Зеро, обод маҳалла обод хонадонлардан ташкил топади.

Иккинчидан, ҳар бир томорқа эгаси тезда ерни экишга тайёрлаши, кузда шудгорланмай қолган ер бўлса, тезда ағдариб, текислаб, маҳаллий ўғитга бойитиб, эртаги сабзавот, картошка, полиз экинлари уруғини қадашга тахт қилиб қўйиши, плёнка остига экиладиган экинларни эса кечиктирмасдан экиши зарур.

Учинчидан, ҳар бир хонадон эгасига бир ой давомида томорқасининг ҳар бир сотихи ҳисобига ўртача 1 тупдан, бир томорқада ўртача 10 туп ҳудудга мос бўлган сердаромад ва ҳосилдор мевали дарахт кўчатини экиши тавсия этилади.

Тўртинчидан, ҳар бир деҳқон томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, мавжуд экин майдонларидан уч мартагача ҳосил олиш учун астойдил ҳаракат қилиши, бу ерда ҳар бир хонадонда 1-2 сотихли ихчам иссиқхона қуриш орқали илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштириши зарур.

Бешинчидан, ҳар бир хонадон эгасининг имконияти ва лаёқатига қараб, 100 та товуқ, 20 та курка, 10 та қўй ёки эчки, 2-3 қути асалари уяси, туяқуш ва бошқа чорва молларини боқиш ҳам оила даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.

Ҳурматли маҳалладошлар!

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад — иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Шу сабабли 25 февралдан мамлакатимизда деҳқончилик бўйича долзарб ойлик, деб эълон қилинди. Бу ойликни ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, кўпни кўрган, деҳқончиликда суяги қотган нуронийларимиз ўз маҳоратларини ёшларга етказиши учун тажриба мактаби ойлиги, деб англаган ҳолда ишларни ташкил қилсак, барча учун фойдадан холи бўлмайди. Бунда маҳаллалардаги ариқ, зовурларни тозалаш, дарахтларни оқлаш каби ишларда маҳалла фаоллари раҳбарлигида бир ёқадан бош чиқариб, фаол иштирок этайлик. Хонадонма-хонадон юриб, маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг ўз томорқаларида деҳқончилик билан шуғулланиб, ўзларини тиклаб олишига баҳоли қудрат ёрдам берайлик. Маҳалла миллатимизнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлайдиган, ўзаро тажриба алмашишни таъминлайдиган ноёб институт экани мана шундай хайрли ишларни ташкил этишда яққол намоён бўлади-да!

Халқимизда “Ерни боқсанг — ер ҳам сени боқади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Замин ҳалоллик, эътиборни талаб қилади. Ким уни алдайман, деса, элни, ўзини алдаган бўлади. Қолаверса, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати ҳамда ҳар қандай шубҳали ва хиёнатдан холи бўлган савдо”, деган ҳадисларига амал қилиб, фидойи меҳнат қилиб, ҳалол йўл билан ризқ-рўз топишимиз керак!

Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!

Томорқадан даромад олиш маъқулми ёки уч карра солиқ тўлашми?

— Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмида асоссиз равишда қишлоқ хўжалиги экинлари экмаган ёки уни ободонлаштирмаган ер эгаларига нисбатан белгиланган ер солиғи ставкасининг уч баробар оширилган миқдори қўлланилади;

— деҳқон хўжалиги юритиш учун уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги экинлари экмаганларнинг унга бўлган эгалик ҳуқуқи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади;

— экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, экин турларини тўлиқ эккан, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажарган, йилига камида икки ёки уч марта юқори ҳосил олган ҳамда томорқани ободонлаштирган, чорва моллари ва паррандаларнинг бош сонини сақлаган ва кўпайтиришга эришган томорқа ер эгасига ер солиғи ставкасини пасайтирувчи солиқ имтиёзлари қўлланилади.

Мамлакатимизда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” каби кўкрак нишонларининг таъсис этилиши ҳам деҳқонларимиз меҳнатига бўлган эътиборнинг ёрқин далилидир. Бу — халқимизнинг дастурхонини обод, турмушини фаровон қилиш билан шуғулланаётган, яратувчанликка умрини, меҳрини бағишлаган азамат деҳқонларимиз учун муносиб эътирофдир.

Дарвоқе, сизнинг ўз томорқангизда бандлигингиз келажакда пенсия таъминоти бўйича иш стажи бўлиб ҳисобланиши учун ҳам ажойиб имконият яратилган. Бунинг учун деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 тадан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йилига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўлаган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади.

Шунингдек, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар берилади.

Ҳар бир туманда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлар ҳудуддаги томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бунда, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, қайси турдаги экинларни экиш, парваришлаш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатади.

Шунингдек, Кенгаш ҳузурида бир қатор хизматлар ташкил этилган. Хусусан, “Қишлоқ бизнеси учун маслаҳат хизмати” унитар корхонаси консалтинг хизматлари кўрсатса, Агро ахборот инновация маркази фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига хорижий давлатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибаларини жорий қилиш бўйича тавсиялар беради. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси эса сизларга уч йил муддатга, шу жумладан, 1 йилгача имтиёзли давр билан 2 фоизлик банк маржасини ҳисобга олган ҳолда йиллик 7 фоиз ставкада кредитлар беради.

Шижоатли, олижаноб фермерлар!

Сизларни томорқангизда оилангиз эҳтиёжи учун маҳсулот етиштириш билан бирга, хўжалигингиз ишчиларига ўз томорқасида деҳқончилик қилишлари учун ҳам кўмак беришга чақирамиз. Сизнинг бу борада кўрсатган ғамхўрлигингиз уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади. Унутманг, фермер хўжалиги ишчиларига кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрлик сиз кузда оладиган мўл ҳосилга мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Азиз юртдошлар, томорқаларимизда сабзавот ва полиз маҳсулотлари, сархил мевалар етиштириб, халқимиз дастурхонининг тўкин, ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш йўлидаги имкониятларимиздан самарали фойдаланайлик!

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши,

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram