Экспортёр корхоналар қўллаб-қувватланмоқда

Тошкент вилоятида жорий йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш учун 163 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига 3 мингга яқин лойиҳа амалга оширилади. 

Жумладан, 55 та мева-сабзавот, 19 та гўшт ва 29 та сутни қайта ишлаш, 90 та иссиқхона ташкил қилиш, интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш бўйича 600 дан зиёд, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишларида 600 га яқин истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Пировардида, фермер хўжаликлари таркибида 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида мева-сабзавот етиштирувчи маҳаллий корхоналарда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартларини жорий этишга бағишлаб ўтказилган семинарда маълум қилинди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Синов ва сертификатлаштириш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мулоқотда вилоятда мавжуд экспортёр корхоналар, кўп тармоқли фермер хўжаликлари, мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар раҳбарлари иштирок этди. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хусусан, соҳага энг илғор инновацион технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар юқори ҳосилдорликка эришиш, сувни тежаш ва бошқа сарф-харажатларни қисқартишга хизмат қилаётгани таъкидланди. Қишлоқ хўжалигида етиштирилган мўл ҳосилни қайта ишлашни ташкил этиш ва ташқи бозорга чиқариш борасида кўплаб вазифалар ечимини кутиб тургани алоҳида қайд этилди. Президентимизнинг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори бу борадаги ишлар ривожида муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётир. Амалий мулоқотда “Global GAP”, “Halal” ва “Organic” стандартлари, уларнинг афзаллик томонлари, мазкур стандартларни фаолиятга жорий этиш талаблари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тўғрисида атрофлича сўз юритилди. Тадбиркорларнинг стандартлар, экспорт ва соҳага оид бошқа саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram