Озиқ-овқат хавфсизлиги етиштирувчи ҳам, харидор ҳам манфаатдор бўлсин

Кейинги йилларда ер юзида рўй бераётган иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар ва қурғоқчилик каби ҳолатлар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни қийинлаштиряпти. Албатта, бу ҳолат бизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда сўнгги йилларда Президентимиз томонидан кўплаб Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бунинг натижасида жойларда қатор амалий ишлар қилиниб, улкан ютуқларга эришилди. Жумладан, аграр тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамият ижтимоий-иқтисодий ҳолатини барқарор ривожлантириш, фуқароларнинг соғлиги ва ҳаётини яхшилашнинг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Хусусан, жорий йилда Президентимизнинг Фармони билан Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.  Унинг асосий йўналишлари қилиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш, эркин бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган механизмлар орқали стратегик аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг хомашё захираларини яратиш белгиланди.

Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу соҳани кейинги 5 йилликда жадал ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди. Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 
30-мақсадида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш вазифаси мустаҳкамланди. 

Кўзланган мақсадларга эришишда, аввало, соҳанинг ўзагини ташкил этувчи кластерлар ва фермерлик фаолияти ривожи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада сезиларли ижобий натижалар кўзга ташланмоқда. Жумладан, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида маҳсулот етиштиришдан тортиб ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олувчи кластерлар фаолияти йўлга қўйилди.

Фикримизни фермерлик ҳаракати мисолида давом эттирадиган бўлсак, фермер хўжаликлари мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. 2023 йилда улар ялпи дон ҳосилининг 81,1 фоизини, картошканинг 23,2 фоизини, сабзавот маҳсулотларининг                36,5 фоизини, меваларнинг 42,2 фоизини, узумнинг 43,3 фоизини, полиз экинларининг 51,1 фоизини етиштирди. Сўнгги 5 йилда фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга ошди.

Кўрсаткичлар ниманинг ҳисобига ўсади?

Ҳозирги кунда юртимизда 91 минг нафардан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, ҳозирда уларнинг                                5 мингдан ортиғи давлатдан  ҳеч қандай ресурс олмай ғалла ва пахта ҳосили етиштирмоқда. Албатта, бундай асл деҳқонларнинг сони йил сайин кўпайиб бормоқда.

 2020 йилдан давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти бекор қилиниб, соҳада босқичма-босқич бозор тамойиллари жорий этилди. 

Фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан эркин фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва ресурс етказиб берувчиларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқининг берилиши, шунингдек, донни харид қилиш ҳамда сотишда биржа механизмининг жорий этилиши юқори манфаатдорликни таъминламоқда.

Давлат ресурси ва биржа савдоларида сотиш учун ғалла топшириш кўпроқ манфаат келтираётганини фермерлар ҳис этмоқда. Бунинг натижасида фермер ва деҳқонлар томонидан бу йил ғалладан мисли кўрилмаган даражада ҳосил кўтарди. 

Ғалладан гектардан 100 центнердан ошириб дон ҳосили олаётган фермер сони ҳозирда минг нафардан ошди. Жумладан, Хоразм вилоятида 274 нафар, Самарқанд вилоятида 104, Жиззахда 103 та ва бошқа вилоятлардан ҳам юзлаб фермер шундай юқори натижага эришди.

 Бу йил фермер ва деҳқонлар томонидан дон ва бошқа экинларидан олган даромади ҳисобига минглаб фермерлар томонидан ўз фаолиятига янги замонавий техника паркиларини ҳамда гўшт, сут ва мевани қайта ишлаш соҳаларини ривожлантириб, қишлоқ жойларда юзлаб янги иш ўринларини ташкил этаяпти. 

Мисол учун, Андижон вилояти Олтинкўл тумани “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги янги замонавий техника парки, Жиззах вилояти Дўстлик тумани “Эшниёз бобо” фермер хўжалиги томонидан Италия давлати олиб келган технологиялари асосида гўшт ва сутни қайта ишлаш, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Хайрулло Бахром Бойматов” фермер хўжалиги томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш ва музлаткичли омборхоналарини ташкил этган ҳамда Ромитандаги “Ғафуробод Зулфия”, Олотдаги “Шукрулло Ўрин”, Косон туманидаги “Тоғаев Анвар”, Пахтачидаги “Ўзагро саховат ерлари”, “Азиз бобо далалари”, Нарпайдаги “Пахтакор”, Иштихондаги “Тожиев Қурбон ота”, Ангордаги “Хамкон тилла булоқ”, Жарқўрғондаги “Дилшод Равшанқулович”, Қумқўрғондаги “Элобод зиёси”, Шерободдаги “Шайман ота”, Бешариқдаги “Илхомжон Олимов”, Тошлоқдаги “Боймат Шерматов саховати”, “Зироатчи”, Учкўприкдаги “Саховатлик ҳамкорлик”, Ёзёвондаги “Вар Зулфиқор”, Гурландаги “Севара Феруза”, “Санжарбек Эргашбек”, Янгибозордаги “Давронбек олтин диёри” ва “Тожибой”фермер хўжаликлари томонидан замонавий техника ва сервиз хизматларини ташкил этиб, қўплаб қишлоқдошларини иш билан таъминламоқда. Бундай фермерларни минглаб санаб ўтишимиз мумкин.

Бундан ташқари, фермерларимиз томонидан келгуси йилларда ғалладан 90-100 центнердан ва пахтадан 45-50 центнер юқори ҳосил олиш учун сув тежовчи технологиялар жорий қилишни янада тезлаштириб юбормоқда.

Шунингдек, бугунги кунда фермерларимиз далаларида пахта йиғим терими ҳам айни қизғин паллага кирди. Фермер хўжаликларимиз пахтадан ҳам юқори ҳосил олиш бўйича тиним билмай меҳнат қилмоқда. 

Қайд этиш жоизки, ҳозирда юртимизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерларнинг умумий майдони 4,2 миллион гектарни ташкил этади. Ана шу майдондан унумли фойдаланиш эса бугунги куннинг муҳим вазифасидир.

Ҳозирги деҳқон ва фермерлар ҳар қарич ердан қандай унумли фойдаланишни билади. Бир йилда бир ҳосил олиб, қолган вақтда шунинг даромадига кун кўрадиган даврлар энди йўқ. Бугун ер эгалари йилига 2-3 марта ҳосил олиб, даромадини бир неча баробарга оширишни яхши уддалаяпти.

Қишлоқ аҳолисининг аксарияти ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экиш мавсумини кутади. Чунки ғалладан бўшаган ер майдонлари талабгорларга такрорий экин экиш учун бўлиб берилиб, ёшлар ва аёлларнинг мавсумий бандлигини таъминлаш, даромад топишида муҳим омил бўлади. 

Бу йил ғалладан бўшаган қарийб 900 минггектардан зиёд майдонга такрорий экинлар, жумладан, 286 минг гектарга дуккакли, 104 минг гектарга сабзавот, 42 минг гектарга картошка, 47 минг гектар полиз, 100 минг гектарга шоли, 245 минг гектарга озуқа экинлари ва 60 минг гектар тариқ ва бошқа экинлар экилди.

Айниқса, бу йил 500 минг нафар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” 
ва “Ёшлар дафтари”да ва ишсиз фуқароларга деҳқончилик қилиш учун фермерлар томонидан такрорий экинлар экиш учун 20 сотихдан 1 гектаргача жами 159 минг гектар ер ажратилди (ўтган йилга нисбатан 31 минг гектарга кўп). 

Бундан ташқари, Давлатимиз Раҳбарининг шу йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан талабгор йигит-қизларга                                60 минг гектар ер майдони ижарага берилди. Уларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш, ердан самарали фойдаланишини таъминлаш мақсадида эса Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма томонидан 1 257 нафар ёшга мини-техника, уруғ ва кўчат қилиш учун 37 млрд сўм кредит ажратилди.

Жорий йилда такрорий экинлардан ҳар бир гектар майдондан ўртача 15-20 млн. сўмдан даромад кўришни режалаштираяпти деҳқонларимиз. 

Умуман, келгуси яқин йилларда юртимизда деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш йилига 5 фоиз ўсиши кутилмоқда. Бундай ҳосилдорлик эса  қишлоқ хўжалиги тармоғининг ҳам иштирочиси, ҳам истеъмолчиси бўлган юртдошларимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилади.

Соҳадаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига талабини қондириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Қисқа қилиб айтганда ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар замирида халқимизнинг кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш, юртимизда йилнинг тўрт фаслида ҳам нарх-наво мўътадиллигини таъминлашдек эзгу мақсад мужассамдир.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа 
ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи З.Алламурадов

https://uza.uz/uz/posts/oziq-ovqat-xavfsizligi-etishtiruvchi-ham-xaridor-ham-manfaatdor-bolsin_636528

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram