Фермер билан ер ижара шартномаси қайси ҳолатларда бекор қилинади?
Сўнгги вақтларда Kun.uz таҳририятига республикада фаолият юритувчи фермерлардан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Уларнинг аксарияти, туман ҳокимликлари улар билан ер ижара шартномасини асоссиз равишда бекор қилаётгани, баъзи туманлар мутасаддилари эса, ҳатто мажбурий равишда ариза ёздириб олаётганлари хусусида айтишмоқда. Биз Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодировдан фермерлар билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритишни, фермер хўжаликларини мақбуллаштириш жараёнлари қандай тартибда амалга оширилишини тушунтириб беришни сўрадик.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарори айни вақтида чиққан қарор бўлди. Қарор қабул қилинишига асос бўлган барча ҳолатлар қарорнинг асослантирувчи қисмида батафсил кўрсатиб ўтилган. Бу қарорнинг ижросига киришишдан олдин, авваламбор ким бўлишидан қатъи назар, қарор қабул қилинишига асос бўлган шу бандларни бирма бир ўқиб, таҳлил қилиб чиқса мақбуллаштириш нима учун зарур бўлиб қолганлигини ҳис этади.
Чункисўнгги йилларда ерларни ноқонуний ажратиш ва улардан хўжасизларча фойдаланиш, айниқса суғориладиган ерлардан ноқонуний фойдаланиш, шахсий манфаати йўлида якка тартибда уй-жой ёки бошқа бино ва иншоотларни қуриб олиш ҳолатлари, ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари кўриниб турган эди.
Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларининг контурлари кесимида экинларни жойлаштириш, ҳосилдорликни белгилаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг шаффофлиги ва холислиги таъминланмаётганлиги, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда замонавий ресурстежамкор инновацион технологияларни кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилмаётгани, томчилатиб суғоришга аҳамият берилмаётганлиги, ер майдонларидан самарали фойдаланилмаётгани, ер ажратиш ва экинларни жойлаштиришда шаффофликни таъминланмаётгани, ернинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган замонавий инновацион ва ресурстежамкор технологияларни деярли жорий этилмаётганлиги ҳам яққол намоён бўлиб турган ҳолатлар ҳам мавжуд эди.
Ҳукумат томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган бу қарорнинг ижросини таъминлаш шу куннинг энг долзарб масаласи бўлиб турганлиги учун ҳам тузилган ишчи гуруҳлари бу қарор ижросини таъминлашга жуда жиддий ёндошмоқдалар.
Шундай бўлса-да, жойларда фермер хўжаликлари бошлиқлари томонидан айрим тушунмовчиликлар пайдо бўлиб тўхтовсиз мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларда деярли бир хил мазмунда савол-жавоблар. Мазмуни “туман ҳокими мендан ерингни ижарага топшириш ҳақида ариза ёз деяпти, нима қилайин” деган саволлар мурожаатларнинг мағзини ташкил қилмоқда.
Хўш, фермер хўжалиги раҳбари қарордан келиб чиққан ҳолда, қандай мазмунда ариза ёзиши керак?
Маълумки, қарор ижроси учун ишчи гуруҳи тузилган. Қарор ижросини таъминлашдан кўзланган мақсад фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер майдонларини мақбуллаштириш экан, фермер хўжалигининг бошлиғи ерини заҳирага топшириш ҳақида эмас, балки “ер майдонларимни қарор талабига кўра, мақбуллаштириб беришингизни сўрайман” дея ариза ёзиб, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер бериш ва уни реализация қилиш комиссиясига топшириши мақсадга мувофиқ бўлади.
Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер майдонларини мақбуллаштириш учун тузилган ишчи гуруҳи ягона рўйхатни шакллантириб, уларга ажратилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланилаётганлиги ва ер ижара шартномаси шартларига риоя этилаётганлигини, ишлаб чиқариш фаолиятини, тузилган контрактация шартномаларининг бажарилишини, маҳсулот сотишдан тушган маблағларнинг банк ҳисобварақлари орқали айланишини, дебитор-кредитор қарздорликлари ва молиявий ҳолатини, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятида қўшимча тармоқлар ташкил этилганлигини, талаб этиладиган зарур қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлар билан таъминланганлик даражасини, моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини таҳлил қилиб бўлгандан сўнг фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер майдонларини мақбуллаштиришга ҳожат бор ёки йўқлиги кўринади. Бу маълумотлар билан шу субъектлар бошлиқлари танишиб, қишлоқ хўжалиги ерларидан қандай ҳолатда фойдаланаётганлигини кўриб ўзларига хулоса қилиб кўрсалар ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича ўтказилган таҳлилларда ҳар бир туманнинг аҳоли зичлиги ва иш билан таъминланганлик даражаси, хўжаликларнинг ихтисослашуви ва ўзига хос хусусиятларини алоҳида ҳисобга олиш қарорда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга биноан лойиҳалаштириш ишларини амалга ошираётган кадастр бўлими ходимлари ва ишчи гуруҳи масаланинг бу томонига алоҳида эътибор бериши зарур.
Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда фаолият юритаётган фермер хўжаликларининг ер майдонларини мақбуллаштириш учун ер майдонларини лойиҳалаштиришда масаланинг бу томонларига айрим жойларда етарлича эътибор берилмаётганлиги ҳолатлари ҳам мавжудлиги учун мурожаатлар келиб тушмоқда. Шу ўринда барчамиз билиб қўйишимиз керак, ҳукуматнинг ушбу қарорида аҳоли зич жойлашган жойларда ер майдонларини мақбуллаштириш учун қарорда кўрсатилган ҳажмлардан кам гектарларда яъни 100 гектар ўрнига 90 ёки 80 гектар қилиб, сув йўлини, контурлар яхлитлиги инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилиши мумкин.
Мақбуллаштиришнинг бу амалиёти эксперимент тариқасида очиқ танлов орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. Очиқ танловда ер участкалари қайта лойиҳаланган фермер хўжаликлари ёки қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари иштирок этиб пул маблағлари, ўзига ёки ўзининг оила аъзоларига тегишли яроқли қишлоқ хўжалиги техникалари мавжудлигини, етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортга йўналтирилганлигини, яратиладиган янги иш ўринлари сонини, сўнгги уч йил давомида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар бажарилишининг аҳволини батафсил кўрсатиб, муҳокамада қатнашишга ва ошкора ўз фикрларини баён этиб, рақиб талабгорларининг тақдим этган маълумотлари билан танишиб чиқишга ҳам ҳақли. Шунинг учун қарорда очиқ танлов деб баён этиб қўйилган.
Шундан сўнг, очиқ танлов якунига кўра ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши хулоса қилади. Бу хулосага биноан халқ депутатлари туман Кенгаши қарор чиқаради. Туман ҳокими Кенгаш қарори асосида ўзининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорини имзолайди.
Энди масаланинг бошқа бир томони ҳам бор. Унга биноан маълум бир шартларни бажарганларга тендерсиз ҳам ер ажратилиши мумкин. Яъни, агар талабгор бир гектар ер майдони учун пахта-ғаллачилик лойиҳасига 2 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида, сабзавот-ғаллачилик, боғдорчилик-узумчилик, сабзавот-полизчилик лойиҳаларига 5 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган бўлса, кластер корхоналари эса, банкдаги ҳисобварағида маблағларини кўрсата олса, ушбу маблағларни жорий йилда мақсадли ишлатиш шарти билан ҳамда туман сектор раҳбарининг тавсиясига кўра, танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер ажратилади.
Мазкур талаблар асосида ер участкаси ажратилган ёки янгидан ташкил этилган фермер хўжаликлари ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари бизнес режасида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаган тақдирда, ер ижара шартномаси туман ҳокими томонидан бир томонлама бекор қилиниши учун асос ҳисобланади.
Яна бир жиҳат. Ер ижара шартномаси бекор қилинган фермер хўжаликларининг 2019 йил ҳосили учун юзага келган қарздорликлари, ғалла ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредитлари, шунингдек, 2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун уруғлик, кўчат ва минерал ўғитлар учун ажратилган тижорат кредитларининг қопланмаган қисмини янги ташкил этилган ёки мақбуллаштирилган фермер хўжаликлари ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига уч томонлама далолатнома асосида қайта расмийлаштириб берилади.
Ер участкалари мақбуллаштирилган ёки янгидан ташкил этилган фермер хўжаликлари ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан 2019 йил ҳосили учун бошоқли дон ва пахта хомашёси етиштириш бўйича контрактация шартномалари, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар қайтадан тузилади. Лизинг ва кредит асосида берилган қишлоқ хўжалиги техникалари эса янгидан ташкил этилган фермер хўжаликларига ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига белгиланган тартибда қайта расмийлаштириб берилади.
Қайд этиш ўринлики, мақбуллаштириш вақтида фермер хўжаликлари бошлиқлари томонидан қатор саволлар тушмоқда. Улар ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга қандай талаблар бор, биз бунинг учун нима қилишимиз керак, деган савол билан мурожаат қилишмоқда.
1.Аввалом бор фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг охирги уч йиллик фаолияти тўлиқ таҳлил қилинади ва натижаси бўйича ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхонаси кесимида таҳлилий маълумот тайёрланади.
Энди иккинчи ва энг муҳим масала, қайси ҳолатларда ер ижара шартномаси бекор қилинади, деган саволдир. Айни шу масала кўпчилик фермерлар томонидан тушунмовчилик ҳамда англашилмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Демак, қуйидаги ҳолатларнинг бирортаси аниқланса, ер ижара шартномасини бекор қилишга асос бўлади.
– Агар ер участкасидан қонун ҳужжатларида, ижарага олиш шартномасида кўрсатилган талаблар ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш шартлари бузилган ҳамда мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланмаганлик ҳолати аниқланса;
– ер участкасини сақлаш шартларига ва сувдан фойдаланиш тартибига риоя этилмаганда, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмаганда, шунингдек, ушбу мақсадлар учун ўз маблаѓларини ажратмаганлик ҳолати аниқланса;
– ер участкалари майдонлари узоқ муддатли ер ижара шартномасида белгиланган ўлчамларга нисбатан камайтириб юборилганда, суғориладиган майдонларга асоссиз равишда бино-иншоотлар қурилганда ёки бошқа турдаги зарар етказилганлик ҳолати аниқланса;
– қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашда агротехника тадбирлари ўз вақтида амалга оширилмаганда ёки белгиланган талабларга риоя этилмаганда ва норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олиш ҳолати аниқланса;
– давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан тузилган контрактация шартномалари шартлари сўнгги уч йилда бажарилмаганда, хўжалик фаолияти самарасиз ёки паст рентабеллик билан юритилганлик ҳолати аниқланса;
– меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаганда, ишчи — ходимлар, шу жумладан фермер хўжалигида меҳнат қиладиган оила аъзолари, вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун меҳнат хавфсизлиги шартлари таъминланмаганлик ҳолати аниқланса;
– солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек етказиб берилган моддий-техника ресурслар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда, сўнгги уч йил давомида етиштирилган маҳсулотларни сотишдан тушадиган маблағлар банк ҳисобварақларида айланиши таъминламаганлик ҳолати аниқланса;
– фермер хўжалигини юритиш учун ер участкасини бериш бўйича ўтказилган очиқ танловда кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари хўжаликнинг устав фондига киритилмаганлик ҳолати аниқланса ер ижара шарномаси бекор қилинади. Буни ҳар бир фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхонаси бошлиғи билиб қўйиши лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг 14-сон қарорида қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари уларнинг фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 10 гектар, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами — 5 гектар деб белгиланган.
Чорвачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Қарорда қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида назарда тутилган миқдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлиши кўрсатиб қўйилган бўлиб, бу нормалар ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, шунингдек, замонавий иссиқхоналар, интенсив усулда ташкил қилинган боғ ва токзорларнинг ер участкалари эгаларига нисбатан миқдорий талаблар қўлланилмаслиги белгиланган.
Мақбуллаштириш жараёнида туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари, биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган, молиявий ҳолати яхши (қарздорлиги йўқ, банк ҳисобварақларида маблағи бўлган) ва қишлоқ хўжалиги техникаларига эга кўп тармоқли фермер хўжаликлари (кичик — кластерлар), пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарига берилади.
Ер участкаларини мақбуллаштиришда контурларнинг яхлитлигини сақлаган ҳолда, тупроқ шароити, сув йўли ва бошқа омиллар ҳисобга олинади. Эски, иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги паст бўлган (кўчат сони кам бўлган, кўчатлар интенсив усулда экилмаган) боғ ва токзорлар белгиланган тартибда бузилиб, экин ер майдонлари таркибига қўшилади.
Боғ ва токзорларни мақбуллаштиришда сўнгги уч йилда олинган ҳосил, уни сотишдан тушган тушум тўғрисидаги статистика органларига топширилган ҳисоботлар, банк ҳисобварақларида айланган маблағлар, янги ташкил этилган боғ ва токзорларга сарфланган харажатлар таҳлил қилиниб, хулоса қилинади.
Шу билан бирга, айрим фермерларда, шунча ишлаб харажат қилиб қўйганмиз, бу ёғи нима бўлади, деб савол ҳам туғилмоқда?
Ер ижара шартномаси бекор қилинаётган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатлари, боғ ва токзорларга қилинган харажатлар, ер участкаси бириктириб берилаётган ёки янгидан ташкил этиладиган фермер хўжаликлари, кластерлар, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналари томонидан ўзаро келишув (келишилган нархлар) ёки баҳолаш натижалари асосида қоплаб берилади.
Шунингдек, ер участкалари ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида белгиланган миқдорлардан кам бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтиёрий равишда қўшиб юбориш, қўшиб олиш тартибида қайта ташкил этилиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер участкаларини мақбуллаштириш жараёнида қонун ҳужжатларига ҳамда холислик, ошкоралик ва очиқлик тамойилларига қатъий риоя қилиниши таъминланади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар 4 та сектор раҳбарлари ҳамда туманлар комиссияларининг барча аъзолари шахсан жавобгар ҳисобланади. Шунинг учун ер майдонлари мақбуллаштирилаётган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари бошлиқлари ҳамда раҳбарлари бу нормаларни билиб қўйсалар фойдадан холи бўлмайди.
Мақола
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси
Чорихон Қодиров билан ҳамкорликда тайёрланди