Сўх заъфарони дунё бозорига чиқди (+видео)

Журналист сифатида Сўхга илк бор келганимга 40 йилдан ошибди. Тажрибадан биламанки сўхликлар қишлоқ хўжалиги экинлари сифатида картошка, гуруч қисман буғдой ва ўрик етиштирар эдилар. Бунинг сабаби Сўхда деҳқончилик қилиш учун текис майдонларнинг йўқлиги, ҳамма ер қир-адирлар, тоғлардан иборатлиги ва у ерларга сув чиқариш муаммоси билан боғлиқ эди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда рўй берган ўзгаришлар Сўхда ҳам ўзининг ижобий натижаларини берди. Бугун Сўхнинг Жовпоя массивида боғ-роғлар яратилди. У ерда ҳатто полиз маҳсулотлари ҳам етиштириляпти. Қайроқ массивида эса жуда катта малиназор ташкил этилган. Мана икки йил бўлдики Сўхда энг ноёб доривор ўсимлик – Зафарон етиштирилмоқда.

Буюк бобомиз Ибн Сино қолдирган “Тиб қонунлари” асаридаги дориларнинг бир қисми “Заъфарон” деган ўсимликка асосланган. Шунинг учун ҳам халқда “Заъфарон – минг дардга даво”, деган ибора юради. Ошқозон, қон ва қон томирлари, шамоллаш, онкологик касалликларни даволайдиган табиий дамлама ҳам Заъфарондир. Кўзга томизилиб катарактани жарроҳлик амалиётисиз даволайдиган ҳам Заъфарон сувидир. Хуллас, у юздан ортиқ касалликка шифо бахш эта олади.

Сўхнинг энг тепа қисми – тоғ этагига  жойлашган Юқори Чашма қишлоғидан бўлган Рашод Одилбоев бу ерга биринчи бўлиб заъфарон кўчатларини олиб келди.

–Дастлаб ишни томорқадан бошлаганман. Заъфарон уруғини олиб келиб уйда кўпайтирдим. Унинг фойдасини кўрганимдан кейин, плантация ташкил этиб, кооперация туздик. Унда 18 нафар ишчини ишлатяпман, – дейди “Сўх Шафран экспорт ишлаб чиқариш кооперацияси” раиси Рашод Одилбоев. –Ҳозир заъфаронни 5 гектарга етказдик. 1 гектардан биринчи йили 2-3 килограмм ҳосил олинса кейинги йиллари 5-8 килограммгача етиши мумкин. Дунёда йилига 3 минг тонназаъфаронга талаб бор. Аммо уни етиштириш учун алоҳида табиат кераклиги, барча иши қўл меҳнатида экани сабабли ҳозирча 300 тонна етиштириляпти холос.  

Рашод Одилбоев 5 гектарли плантациядаги ҳар бир кўчатни танийди, десак муболаға бўлмайди. Чунки у оиласи, ишчилари билан туну-кун далада. Аслида бу ерлар эрта ёзгача қор остида қоладиган тошлиқ майдон эди. Бу йил ҳам майнинг 6 кунигача заъфарон қор остида бўлди. Ўсимлик учун эса бу энг қулай табиий шароитдир.

–Заъфарон гулидан 3 та нарса ажратилади:биринчиси доривор, иккинчиси зиравор, кейингиси парфюмерия учун хом ашё, – дейди Рашод Одилбоев. –Аммо парфюмерияга хом ашё етиштириш учун плантация майдони катта бўлиши керак. Ҳозирча доривор ва зираворни қадоқлаб борозга чиқаряпмиз.

Дунё бозорида Эрон ва Кашмир заъфарони машҳур. Унинг бир килограмми 25-30 минг доллар туради. Аммо таркиби, қуввати жиҳатидан Сўх заъфарони улардан кам эмаслигини кўрсатди.

–Дастлабки экспортни Саудия Арабистонига амалга оширдик. Шу кунларда Кувайтда бўладиган Ўзбекистон кўргазмасида иштирок этиш учун таклиф этилганман. Кувайт компаниялари билан узоқдан онлайн мулоқотлар олиб боряпмиз. Заъфаронни Кувайтга экспорт қилиш шартномаси у ерга борганимда имзоланади.  

https://www.youtube.com/embed/2HWZBQAotd4?si=3n1j8yqhLJuS6sA2

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/sox-zafaroni-dunyo-bozoriga-chiqdi-video_596954

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram