Фермерга компенсация тўлиқ тўланадиган бўлди

Сўнгги йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига берилаётган имтиёзлар, яратилаётган қулайликлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Хусусан, тадбиркорларнинг мурожаатлари ўз вақтида ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.

Ана шундай мурожаатлардан бири Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Дилфуза Нарзиқуловна” фермер хўжалиги раҳбари Дилфуза Бобоевадан келиб тушган. Унда фермер токзор яратишда жамғармадан олган компенсация тўловларини тиклаш масаласида ёрдам сўраган.

Аниқланишича, “Дилфуза Нарзиқуловна” фермер хўжалигига ижарага берилган 3,6 гектар ерда 2020 йилда интенсив боғ ташкил этилган. Унда экилган “Сўғдиёна” навли ток кўчатлари 2023 йилнинг январь ойида аномал совуқ сабабли ҳосил бермаган. Узум кўчатлари қайта экилганлиги ҳақида Китоб туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан 2023 йил 10 августда хулоса берилган. 

Президентимизнинг 2023 йил 3 февралдаги “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йил қиш ойида ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилган. 

Аммо “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖни бошқариш бўйича кенгашининг 2023 йил 14 августдаги 35-сонли йиғилиш баённомаси билан компенсация шартномалари бўйича лойиҳаларнинг бизнес- режада кўзда тутилган иш ўринлари яратиш ва маҳсулот (хизматлар) айланмаси кўрсаткичлари 50 фоиз ҳамда ундан кам бажарилган, деган сабаблар билан фермер хўжалиги олган кредитнинг 6 фоиз компенсация тўловларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тадбиркорнинг бу мурожаатини ўз вақтида қаноатлантирди. Унга берилган имтиёздан тўлиқ фойдаланиш қарори тасдиқланди. 

Нилуфар Бозорова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/fermerga-kompensaciya-toliq-tolanadigan-boldi_604748

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram