Чиноз тажрибаси: ихчам иссиқхоналар оммалашмоқда

Президент топшириғи – амалда

Чиноз туманида томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди.  

Унда Ўзбекистон Республикаси фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳайитов, Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, Кенгашнинг вилоят ва туман кенгаши раислари ва ходимлари, ҳоким ёрдамчилари, “Томорқа хизмати” корхоналари ва соҳага тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.  

Президентимизнинг 2024 йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бир қатор вазифалар белгиланган эди. Амалий семинарда мазкур ҳужжат ижроси муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиладиган бўлди ва  ижросига киришилди. 

Хусусан, ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув таъминотини инобатга олиб, туманлар экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга ихтисослаштирилади. Чиноз туманида сердаромад сабзавотчилик ривожлантирилади.  

Чиноздаги “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг томорқа ерларидан қай даражада фойдаланилаётгани ўрганилди. Ҳозир  маҳалладаги 616 та хонадоннинг 556 тасида 44.5 гектар томорқа ер майдонида енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд. Улардан йилига 3 мартагача ҳосил олинади. Асосан бодринг, помидор, булғор қалампир ва кўкатлар етиштириш оммалашган. Бу ерда бир йиллик ҳосилдорлик ўртача 55 минг 695 тоннани ташкил этади.  Масалан, Нуриддин Ҳалиқулов 25 сотих ер майдонидан йилга 1 миллиард 200 миллион сўм даромад топади. Маҳалланинг 30 нафардан ортиқ фуқаросини иш билан таъминлаган.  

-Иссиқхонамизнинг 20 сотих қисмида бақлажон, помидор, бодринг ва булғори қалампири кўчатлари тайёрланади, – дейди оилавий тадбиркор Нуриддин Ҳалиқулов. – Беш сотихда эса гулчилик билан шуғулланамиз. Гулларимиз асосан Голландия, Корея, Исроил давлатларидан келтирилган. Сабзавот кўчатларини асосан сентябрь ойида парваришлашни бошлаймиз ва мавсумда уч мартагача даромад олишга ҳаракат қиламиз.  

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 6 март куни Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда кўплаб соҳаларда муҳим вазифалар белгиланган эди. Хусусан, эндиликда аҳоли томорқаларида Чиноз тажрибаси бўйича ихчам иссиқхоналар, кооперация асосида маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш мажмуалари ташкил этилади. 

– Ҳозир Чиноз туманида ҳам Жанубий Корея давлатида кенг оммалашган ихчам иссиқхоналар қуриляпти, – дейди “Green House material” қурилиш корхонаси масъул ходими Маъруфжон Носиров. – Унинг қулайлиги жуда кўп. Масалан, уни қишда иситиш осон, энергия тежамкор ҳисобланади ва йил давомида аҳолига хизмат қилади. Ёз ойларида эса ҳароратни мўътадил сақловчи махсус совутгичлар ҳам қўйилади. Бу эса парваришланаётган ўсимликларнинг яхши ривожланишига ёрдам беради.  

– Бу амалий семинарга Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан келдим, – дейди “Варзак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Абдуғани Сулаймонов. – Ҳудудимизда иссиқхона анча оммалашган бўлса ҳам кўчатчилик билан ҳали кўпчилик шуғулланмайди. Маҳалламизда қўй жунидан кигиз тайёрлаш ҳам яхши ривожланган.  Давлатимиз раҳбари яқинда ўтказган видеоселектор йиғилишида ёқилғисиз иситиладиган иссиқхоналарни кўпайтириш борасида таклифлар берилган эди. Шуни эътиборга олиб, эндиликда иссиқхоналар махсус кигиз тўшамалар билан ўралади. Биз буни амалда синаб кўрдик, совуқ кунларда ўз натижасини берди. Тошкент вилояти деҳқонлари шу бўйича ўз қизиқиши ва таклифларини билдирди. Эндиликда ҳамкорлик асосида маҳсулот етказиб берамиз.  

Семинар давомида томорқа хўжаликларида тадбиркорлик қилиб, даромадларига эга бўлаётган фуқаролар билан суҳбатлашилди. Асосий эътибор аҳолининг даромад олишига кўмаклашиш, мавсумда сифатли ҳосил олишни таъминлашга қаратилди.  

Туманнинг “Оби ҳаёт” МФЙдаги аҳоли хонадонларида балиқчилик кооперацияси асосида маҳсулотлар етиштириш бўйича ҳам ўзаро тажриба алмашилди.    

А.Мусаев,ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/chinoz-tazhribasi-ixcham-issiqxonalar-ommalashmoqda_577764

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram