Деҳқончилик қилиш истагидаги ёшларга ер ва пул берилади
Яқиндан бўлиб ўтган ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда Президентимиз шу йил деҳқончилик қилиш истагидаги ёшларга 60,5 минг гектар ер ажратилиши ҳақида сўз юритган эди. Давлат раҳбари ушбу ерларни аҳолига яқин, суви ва унумдорлиги яхши жойлардан ажратиб, кооперация асосида экспортбоп экинлар экиш муҳимлигини таъкидлади.
Қанча майдон ажратиш бўйича “маҳалла еттилиги” таклиф беради ва ер олганлар Агробанкнинг “Фермерлар мактаби”да ўқитилади.
Хўш, бу жараёнда ер ажратиш тартиби қандай бўлади?
– Туман ҳокимлари ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси МуродиллаТурдиев. – Ерда экинлар етиштириш зарур бўладиган мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга эса Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма субсидия ажратади. Маҳсулот сотилишини таъминлаш ва ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш мақсадида деҳқон ёшлар экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорларга кооперация асосида бириктирилади.
Яна бир жиҳати, мева-сабзавот кооперацияларига тижорат банклари орқали 2 млрд. сўмгача кредит ҳам берилади.
Жорий йилнинг 18 январида қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур фармонда 156 та туманда 15 минг 626 гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг онлайн аукцион савдосига чиқарилиши белгиланган, – дейди мутахассис.
Дарҳақиқат, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасидаги бу каби ишлар аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/dehqonchilik-qilish-istagidagi-yoshlarga-er-va-pul-beriladi_572537