Томорқачилар тажрибаси оммалашмоқда

Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги тармоқларида 204,8 минг нафар аҳолининг доимий ва мавсумий иш билан бандлиги таъминланган. Хусусан, Янгийўл туманида арзон ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва ички бозорни таъминлаш борасида томорқа хўжаликларининг ўзига хос тажрибаси бор.

Йил бошидан буён ҳудудда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 116 та хонадонга 3,13 миллиард сўмлик иссиқхона, 301 та оилага 5 миллиард сўмдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналари тарқатилди. Бу имкониятлардан унумли фойдаланаётганлар ҳам кўп. Эътиборлиси,  томорқачиликда энг намунавий ишларни амалга ошираётган, барчага ўрнак бўлаётган оилалар тажрибаси оммалаштирилмоқда.  

Бунда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ҳудуддаги “Ниёзбоши” маҳалласида яшовчи Малоҳат Рўзибоева вилоятда энг илғор аёллар сафига киритилди. У ўттиз йилдан бери 9 сотихли иссиқхонасида кўк пиёз етиштириш билан шуғулланади.  

– Маҳалламиз сабзавот маҳсулотлари, хусусан, пиёз етиштиришга ихтисослашган, – дейди Малоҳат опа. – Бунинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Йилига 80 миллион сўмдан зиёд даромад оламиз. Етиштирилган маҳсулот ички бозор ҳамда қўшни давлатларга ҳам юборилади. Бунинг учун мавсумда 25 нафар аёлни иш билан банд қилганмиз. Шу кунларда ҳам иссиқхонамизда иш қизиган. Айни ҳосил етилган палла. Иссиқхона иситилсагина даромад олиб келади.  

Ҳудуддаги Қирсадоқ маҳалласи аҳолиси вилоят деҳқон бозорлари ва пойтахт савдо дўконларига ҳам сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради. Ҳар бир оила ўз томорқасида меҳнат қилиб, бандлиги таъминланган. Четдан ёлланма ишчилар чақирилмайди.  

– Томорқамиздаги 8 сотихли ерда 10 турга яқин сабзавот ва кўкат кўчатларини етиштирамиз, – дейди маҳаллада яшовчи Зулфиқор Каримов. – Бу иш билан 20 йилдан буён шуғулланаман. Булғори қалампири, бодринг, саримсоқ пиёз ҳам экамиз. Сабзавот кўчатларини эса ҳудудимиздан ташқари бошқа туманлардаги деҳқонларнинг талаблари бўйича ҳам етказиб берамиз. Йил давомида 30-40 миллион сўмгача даромад олиш имкониятимиз бор.  

Туманда бу каби сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар “Томорқа хизмати” МЧЖлар ҳамда йирик экспортёр корхоналарга бириктирилган. Янгийўл тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллалар ўсиш нуқталари ва ривожланиш имкониятларидан келиб чиқиб, йўналишлар бўйича ажратиб олинган.  

“Марказ” маҳалласида яшовчи Неъматжон Бобожонов лимончилик билан шуғулланади. Унинг 60 сотихлик иссиқхонасида лимоннинг “Мейр” нави экилган. Унинг айтишича, йилига 10 тонна ҳосил етиштираркан. Маҳсулотлар келишув асосида қайта ишловчи корхоналарга топширилади. Ушбу оила томорқачиликда намуна кўрсатган. Ҳозир хўжаликда 6 нафар оила аъзоси бандлиги таъминланган.  

– Томорқадан қандай фойдаланишни билсангиз, даромадингиз ҳам ошиб бораверади, – дейди Н.Бобожонов. – Охирги йиллар чорвачиликни ҳам ривожлантирдик. Ҳозир гўшт учун 130 бош қорамол ва 250 бош қўй боқмоқдамиз.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу йил Тошкент вилоятида жами 556 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, 166 минг тонна сабзавот, 15 минг тонна полиз, 292 тонна картошка, 65 минг тонна дуккакли маҳсулот етиштирилади. Шундан 219 минг тоннаси вилоят аҳолиси истеъмолига, 35 минг тоннаси қиш-баҳор ойлари учун захирага, 135 минг тонна маҳсулот шаҳар ярмаркаларига ҳамда 167 минг тоннаси экспорт қилишга мўлжалланган.  

А.Мусаев,

ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilar-tazhribasi-ommalashmoqda_531663

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram