Тўқсонбости – мўл ҳосил гарови

Наманган вилоятида жорий йилда ҳам ер майдонларидан унумли фойдаланиш мақсадида тўқсонбости экинларидан мўл ҳосил етиштириш режалаштирилган.

Тўрт мавсумда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираётган миришкорлар тўқсонбости усулидан самарали фойдаланмоқда. Бу яхши даромад манбаи бўлиши билан бирга, аҳолининг эртаги сабзавотга бўлган талабини қондириш имконини бермоқда. Бу борада ҳудудлардаги фермер хўжаликларида деҳқон ва миришкорлар учун турли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда.  

Вилоятнинг Чортоқ туманида режадаги 5752 гектар майдонни қисқа муддатларда шудгорлаш учун 5 та отряд шакллантирилиб, 33 та юқори унумли махсус техника жалб этилган.  

Туманнинг “Соҳил бодомзори” фермер хўжалигида ташкил этилган вилоят семинари ҳам айнан кузги шудгорлашни сифатли ўтказиш, тўқсонбости экинлар парвариши, ерга-ер қўшиш, дала четларига тут, ток ва бошқа мевали кўчатлар экиш, ички ариқларни тозалаш ҳамда бетонлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланди. Бу албатта келгуси йил ҳосили учун пухта замин яратади.  

Семинарда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман ҳокими Анваржон Отаходжаев, секторлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, фермер хўжалиги раҳбарлари, механизаторлар, ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.  

Кенгаш раиси тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида етиштирилаётган тўқсонбости экинларни бевосита кузатар экан, бу ердаги сабзавот етиштириш агротехникасини бутун республика бўйлаб оммалаштириш ва бу бўйича Чортоқ мактабини бемалол яратиш мумкинлигини таъкидлади.  

Туман аҳли уста деҳқон, ер билан тиллаша оладиган миришкорлардир. Бу азалий салоҳият бугун улар учун яратилаётган имкониятлардан куч олмоқда. Буни “Соҳил бодомзори” фермер хўжалиги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бодомзор ва унинг қатор ораси даромад манбаига айланган. Бу ерда йилига уч мартагача ҳосил олинади. Ҳозирда тўқсонбости усулида 11 гектарда саримсоқпиёз, 3 гектарда пиёз, 1 гектарда редиска парваришланмоқда. Яна 5 гектарга пиёз экилади. Уруғчилик йўналишида ҳам тажрибага эга.  

Семинар давомида уста деҳқон Салимжон Жўраевнинг йўл-йўриқлари тингланиб, ўзаро тажриба алмашилди. Мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди.  

Н.Бозорова,

ЎзА мухбири

https://uza.uz/uz/posts/toqsonbosti-mol-hosil-garovi_533968

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram