Сув таъминоти оғир ҳудудларда ер майдонларини суғориш учун қудуқлар ишга туширилмоқда

Сўнгги йилларда деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва «Томорқа хизмати» корхоналарининг томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини ўзлаштириш, сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқлар қазиш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун тежамкор сув тизимлари ўрнатиш борасида кўпгина ижобий ишлар олиб бориляпти.

Бунда эса Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлда қабул қилинган «Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2021 йил 16 декабрда қабул қилинган «Томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбир»лар тўғрисидаги қарорлари дастуриламал бўлмоқда.

Айни кунларда юртимизда, хусусан, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Мисол учун, Навоий вилоятида бу йил 365 та қудуқ қазиш истагида бўлган талабгорларнинг «Манзилли дастури» шакллантирилди. Шундан 313 таси кичик ҳажмдаги бўлса, 52 таси катта ҳажмдаги қудуқлар бўлади.

Ҳозирда вилоятда қудуқлар қазиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Нурота тумани «Янги турмуш» маҳалласида иккита катта ҳажмдаги тик қудуқлар қазиб, ишга туширилди.

Қайд этиш керакки, аҳоли хонадонларида қазиладиган якка артезиан қудуқларини қазиш билан боғлиқ харажатларнинг ҳар бир қудуққа базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида, камида 50 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғоришга мўлжалланган йирик артезиан қудуқларни қазиш харажатларининг 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплаш белгиланган. Бу эса кўплаб аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу тармоқда яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлар қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш, бир йилда камида икки маротаба ҳосил етиштириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш ҳамда қудуқлар қазишдаги ортиқча харажат ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Умирзоқ Раҳматов,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram