Томорқачиларга аталган кредитлар
Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги “Худдон” маҳалласида яшовчи Шавкат Ғайбуллаев 12 сотих томорқасида узумнинг “Келин бармоқ”, “Тойфи” каби навларидан 15 туп ва 12 хилдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари етиштирмоқда. Шунингдек, хонадонда 10 бош сигир, қўй, 35 та қуён, 100тадан ортиқ зотдор паррандалар парваришланмоқда.
Қайд этиш керакки, Хатирчи туманида Ш.Ғайбуллаевга ўхшаб, ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётган аҳоли сони кўпчиликни ташкил этади. Мисол учун, 37,265 хонадонда 4359,7 гектар ер майдони мавжуд бўлса, биргина Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши маблағлари ҳисобидан 1700 та иссиқхона қурилди,18 та катта тиқ қудуқ қазилди, 10 та дала дўконлари қурилди. Шунингдек, 2518 гектарга тўқсонбости экинлари экилди.
Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрда қабул қилинган «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.
Унга кўра жойларда томорқа ер эгалари ва кооперацияларни маҳсулот ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, кооперация аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш бўйича қисқа муддатли амалий ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири Хатирчи туманидаги “Худдон” маҳалласида бўлиб ўтди. Унда кенгаш томонидан ажратиладиган 14 фоизли имтиёзли кредитларни бериш, “Томорқа хизмати” МЧЖ корхонаси аҳолига уларнинг талаби асосида маҳсулот етказиб бериш борасидаги тизимли хизматлари, битта фуқаро энг кам иш ҳаққининг 1 баробари миқдорида маблағ тўласа унга бир йиллик стаж ҳисобланиши ҳақида тушунтиришлар ва изоҳлар берилди. Шунингдек, банклар вакиллари билан бирга кредит расмийлаштирилиши шартлари, мавжуд тартиблар бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.
Яна бир гап. Жорий йилда Хатирчи туманида аҳолига қишлоқ хўжалиги йўналишида сервис хизматлари кўрсатувчи 9 та “Томорқа хизмати” МЧЖ корхонаси ташкил этиш, 5 та катта қудуқ ва 70 та кичик тик қудуқлар қазиш режалаштирилмоқда.
Умрзоқ Раҳматов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси