Ерлардан самарали фойдаланиш аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади

Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрда қабул қилинган «Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳада янги имкониятлар эшигини очди.

Қарорга кўра, жойларда томорқа ер эгалари ва кооперацияларни маҳсулот ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, кооперация аъзоларининг ерларида агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотларини ўтказиш бўйича қисқа муддатли амалий ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Айни вақтда ана шундай учрашувлар Сурхондарё вилоятида ҳам ташкил этилмоқда. Ҳозиргача Ангор, Музработ ва Термиз туманларда маҳалларда мутахассислар иштирокида очиқ ва ёпиқ майдонларда сабзавот экиш бўйича учрашувлар ташкил этилди.

Шунингдек, унда кичик интенсив боғдорчилик, лимончилик ва узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича ҳам маслаҳатлар берилди. Парранда, қуён, қўй ва эчки, асалари уялари, интенсив усулда балиқ боқиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш бўйича технологик тавсияларни интернет тармоғи орқали онлайн бериб борилиши ҳам йўлга қўйилгани маълум қилинди.

–Юртимизнинг жанубий ўлкаси Сурхондарё воҳасида экин етиштириш бошқа ҳудудларга нисбатан бироз мураккаб. Сабаби бу ўлкада зараркунанда, касаллик ва бегона ўтларнинг барча турини учратиш мумкин, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг кооператив ва кластерлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи. Элмурод Мамараҳимов. – Шу боис сурхонлик фермер ва деҳқонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётганда доимий ҳушёр ва огоҳ бўлишади. Шу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда 2022 йил давомида, ҳар бир ҳудудда очиқ ва ёпиқ усулда сабзавот маҳсулотлари етиштириш, парваришлаш ҳамда уларнинг экспортини ривожлантириш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида маҳаллаларда тақдимотлар ва семинарлар ўтказишни бошладик. Мисол учун, иссиқхонада тупроқнинг ортиқча сернам бўлиши ҳам зарарли. Унинг ичи яхши ёритилиши ва ичига ҳаво кириб туриши керак. Булар аслида оддий ҳолатлар бўлиши мумкин, лекин деҳқончилик қилиб, яхши фойда оламан деган деҳқон учун юмушнинг майда-каттаси йўқ.

Қайд этиш керакки, ерлардан самарали фойдаланиш, йилига икки-уч марта ҳосил олиш учун шароит яратиб берилиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ишончли йўлидир. Бу аҳолининг кўп қисми қишлоқда яшайдиган ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, одамлар турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

ЎзА

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram