Тошкент вилоятида Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази фаолияти йўлга қўйилди
Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, аҳолисининг ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича ўзининг бой тажрибаси ва имкониятига эга бўлган ҳудудлардан ҳисобланади.
Тошкент вилоятида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармага 2018-2021 йилларда 57,9 миллиард сўм ажратилган. Жумладан ушбу маблағнинг 20,6 миллиард сўми томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, 7,7 млрд.сўм фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилган.
Томорқа ер эгаларига ажратилган 20,6 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ҳисобидан 1 537 та хонадонда иссиқхона, 210 та хонадонда 7,5 мингта парранда, 170 та хонадонда 1,2 мингдан ортиқ асалари уялари, 132 та хонадонда 5 410 та қуён, 215 та хонадонда 1 230 та наслли қўйлар сотиб олиниб, 150 гектардан ортиқ боғ ва токзор ташкил этилди. Натижада 1 170 та янги иш ўрни яратилди.
Президентимизнинг 2021 йил 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида кенгаш ҳузуридаги жамғарма таъсисчилигида Томорқачиликни ривожлантиришнинг миллий марказини ташкил этиш, унинг устав фондига маблағлар ажратиш топширилган эди. Шунга кўра, Янгийўл тумани “Саид ота” МФЙдаги 1-сон касб-ҳунар мактабида мавжуд ўқув йўналишларини ва бюджетдан молиялаштириш тизимини сақлаб қолган ҳолда, кенгаш ҳузуридаги жамғарма таъсисчилигида Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги “Тошкент вилоятида томорқачиликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Миллий марказ Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани А.Ортиқов қишлоқ фуқаролар йиғинидаги “Саид ота” кўчасида жойлашган Янгийул тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби биносига жойлаштирилди. Шунингдек, 1,24 гектар майдон Ер кодексида белгиланган тартибда марказ тасарруфига ажратиб берилди.
Миллий марказни мақсади мева-сабзавот ва боғдорчилик-деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг инновацион шакллари ва технологияларини ўзлаштириш, шунингдек, парранда, балиқ, қуён, асалари ва майда шохли молларни интенсив усулда кўпайтириш орқали томорқа ер эгаларининг даромадини ошириш учун томорқачилик илмини оммалаштиришда ҳар томонлам кўмаклашишдир.
Марказ устав фондига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, совуткичли омборхоналар, чорвачилик комплекслари, иссиқхона мажмуаларини қуриш, интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш, омихта ем ишлаб чиқариш, сутни қайта ишлаш, минерал ўғитлар тайёрлаш асбоб-ускуналари ҳамда ўсимликларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш учун кимёвий воситалар олиб келиш ҳамда сотиш фаолияти билан шуғулланиш белгиланган.
Ҳозирда мамлакатимизда 5,5 миллион нафардан ортиқ томорқа ер эгалари бўлиб, улар ихтиёрида 502,8 минг гектар ер бор. Улар юртимизда етиштирилаётган картошканинг 84 фоизини, сабзавот маҳсулотларининг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоизидан ортиғини етиштирмоқда.
Келгусида миллий марказда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича тупроқшунослик ва биогумус, томчилаб суғориш технологияси, агрокимё, боғдорчилик ва кўчатчилик илми, сабзавотчилик ва полизчилик йўналишида ўқув марказлари ташкил этилади.
Албатта томорқачиликни ривожлантириш йўлида ўқув марказ фаолиятини йўлга қўйилиш келгусида аҳолининг ўз шахсий томорқаларидан самарали фойдаланишига, йилига камида 2-3 марта ҳосил олишига, пировардида ҳудуддаги бозорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бойитилишига хизмат қилади.
Аббос Мадиев,
Фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси
бўлим бошлиғи