Камбағалликни қисқартиришда Қува тажрибаси

Қишнинг совуқ кунларида қалбларимиз илиқликка интиқ бўлади. Одамзот шундай лаҳзаларда ҳаёт ва тириклик қадрини янада теранроқ англайди. Инсон ва табиат ўртасида муштарак ришталар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳис этади.

Бир сиқим тупроқни чангаллаб кўрган бободеҳқон нафақат ер уйғонганини, балки онгу шуурида ҳам кунба-кун мудроқликдан халос бўлиш эҳтиёжи тобора ортиб бораётганини тушунади. Бу музаффар ҳаётнинг тириклик завқини ҳис этишга ундовчи боқий қўшиғи – меҳнат “симфония”сидир…

Фарғонада ер билан “тиллашиш”да қуваликлар энг олд ўринда турадилар. Азалдан миришкор бободеҳқон, уста боғбонлар юрти бўлган Қува туманида бугунги кунда отамерос кўҳна ҳунар замонавий мезонлар асосида такомиллашиб бормоқда.

Қува туманидаги 65 та МФЙда 44 мингдан зиёд хонадон тасарруфида 2 минг 930 гектар экин ери мавжуд. Туманда ҳар йили ўртача 25 млн. туп мевали, 14 млн. туп манзарали дарахтлар кўчатлари ҳамда 10 млн. туп гул кўчатлари етиштирилади.

Ҳозирги кунда ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”, “драйвер”лари аниқланиб, шу асосда яқин истиқболга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқиляпти.

— 2022 йилда аҳолига 5 млн. тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари етказиб беришни мақсад қилганмиз, — дейди Қува туманида фаолият кўрсатаётган Томорқа ер участкаларини ривожлантириш республика илмий маркази раҳбари Ҳожиакбар Ҳожиматов. — Марказимизнинг беш нафар илмий ходими хонадонларда бўлиб, ўсимлик ва экинлар парваришига доир замонавий технологиялар бўйича тушунтириш бермоқда.

Марказда Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти олимлари, вилоят Ўсимликлар карантини инспекцияси мутахассислари билан ҳамкорликда мевали дарахтлар, гул кўчатлари парвариши, истиқболли навларни маҳаллийлаштириш, касалликларга қарши курашиш борасида ҳамкорликда иш юритилади. Жанубий Корея, Хитой тажрибаси асосида иссиқхоналар ташкил этилиб, йилнинг тўрт фаслида қулупнай, сабзавот экинлари, турли кўкатлар етиштириляпти. Наслчилик хўжалигида аҳоли хонадонларида қорамол, қўй, эчки, товуқ, ўрдак боқишни оммалаштириш бўйича илмий тажрибалар олиб бориляпти.

Ҳудуддаги 100 гектар қир-адир ерлар ўзлаштирилиб, 20 гектарига олма, нок экилди. Айни кунларда 80 гектар ерда бодом, писта, беҳи, ўрик боғлари барпо этиш ва кооперация асосида оилаларга 50 сотихдан бўлиб бериш режалаштирилмоқда.

Марказ қошида Туркия технологияси асосида инновацион лаборатория ташкил этилиб, уруғчилик, кўчат етиштириш, парваришлашгача бўлган барча жараёнларда илмий ёндашув йўлга қўйилди.

— Қулупнай етиштириш маҳалламизнинг “ўсиш нуктаси” сифатида белгилангани бежиз эмас, — дейди “Гулистон” МФЙ раиси Исмоилжон Умрзоқов. — Мингдан ортиқ оиланинг аксарияти қулупнайдан бир мавсумда 15-20 млн. сўм даромад олади. Айни пайтда томорқачиларимиз маҳалла ҳудудида жойлашган илмий марказ олимлари билан ҳамкорликда қулупнайни йил давомида етиштириш ва даромад олиш бўйича изланишлар олиб боришаётгани эътибор лойиқ.

Маҳалла аҳли йилнинг тўрт фаслида ҳам Фарғона шаҳри бозорларини кўкат билан таъминлайди. Маҳалла боғларида шарбатга тўлиб пишган мевалар асосан Россияга экспорт қилинади. “Гулистон” МФЙда ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаган Иброҳимжон Умрзоқов бунга қўшимча равишда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ўз дастурини тайёрлаяпти.

“Янгичек” МФЙда Барнохон Икромова ўз томорқасида настарин, кипарус, павлония, япон сакураси, каштан, оқ қайин, зайтун, катальпа, лимон, апельсин, мандарин, киви, палма каби 20 турдан кўпроқ манзарали дарахт ва цитрус мевалар кўчатларини етиштириш хадисини олган. Шу маҳаллада яшовчи Раҳматжон Мамадалиев оиласи ихчам иссиқхонада помидор, бодринг, карам, аччиқ қалампир, бақлажон кўчатлари етиштириб сотиш орқали бир ойда 10-12 млн. сўм даромад олади.

Қувадаги “Янгиқишлоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Ғайратжон Султонов ёш бўлишига қарамай, 7 сотих томорқасида атиргул кўчатлари етиштириб сотиш бўйича катта тажрибага эга. Қува тумани ҳокимлиги кўмагида ўтган йили унга 9 гектар ер, 400 млн. сўм имтиёзли кредит ажратиб берилгач, “Водий турфа гуллари” МЧЖ кооперациясини ташкил этди. 2021 йилнинг ўзида “Янгиқишлоқ”, “Сойгузар”, “Қўрғонча” МФЙлардаги 100 та хонадонга кооперация томонидан атиргул уруғлари, кимёвий воситалар, пайвандтаг етказиб берилди. Натижада ўтган йили кооперация томонидан Германия, Польша, Россия, Латвия, Белоруссия ҳамда Марказий Осиё давлатларига 1,2 млн. туп атиргул кўчатлари экспорт қилинди. Ғайратнинг бу йилги мақсадлари янада улкан. Ёш тадбиркорнинг нияти жаҳон бозорига атиргуллар экспорт қилиш борасида дунёда етакчи давлатлардан бири саналувчи Нидерландияда ортда қолдиришдир.

Туманнинг “Саноатчилар”, “Иттифоқ”, “Султонобод”, “Қайирма”, “Бўстон”, “Хонобод” МФЙларида 3000 мингга яқин хонадон эса паррандачилик билан шуғулланади. Бу маҳаллаларда ўз хонадонида икки минг бошгача товуқ, курка, ўрдак, бедана боқаётган оилалар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

“Саноатчилар” МФЙда 900 га яқин хонадонлар мавжуд бўлиб, 200 та хонадонда инкубаторияларда жўжа очириш фаолияти йўлга қўйилган. Ҳар бир хонадонда йилига 10 мингдан 250 минг донагача жўжа очирилади, 100 бошдан 6000 бошгача парранда парвариш қилинади.

— Бизда ҳар бир оила омилкор бўлгани сабабли ҳам бир қарич ер фойдаланилмай қолмайди, — дейди “Қорақум” МФЙ раиси Ҳамиджон Турғунов. — Маҳалламизда етиштирилган мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятларигача етказиб берилади. Шу боис 1 минг 200 га яқин оила истиқомат қиладиган маҳалламизда атиги 23 та оила кам таъминланган ҳисобланади. Улар ҳам боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор шахсларни парваришлаётган оилалардир.

Дарҳақиқат, она заминимиз эл ризқ-насибасини таъминловчи муҳим манба, чинакам хазина ва фаровон ҳаёт омили эканлигини Қува тумани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

https://xs.uz/uzkr/post/kambagallikni-qisqartirishda-quva-tazhribasi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram