Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолияти сертификациядан ўтказилди

Иқтисодиётимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларга кенг шароит яратишда коррупция – деган бир бало борки, у орқали тадбиркорликнинг ривожланишига кўпгина ғовлар пайдо бўлади.

Коррупция жамиятни ривожланишига қарши қаратилган ҳаракат сифатида ҳар қандай жамият ва давлатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаришга сабаб бўладиган омил сифатида баҳоланади. Жамиятда коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса сифатида намоён бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмаслиги қайд этилган. Коррупцияга қарши курашишга қаратилган фаолият комплекс-мажмуавий тарзда мунтазам равишда изчил амалга оширилиши яхши натижа бериши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони 8.1-банди: … 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш талабларига кўра барча ташкилот ва муассасаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш белгиловчи коррупцияга қарши курашиш дастури, сиёсати ишлаб чиқиш ва уни амалда жорий этиш белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш ишларини ташкил этишда:

ҳар бир соҳада коррупцияга қарши курашишда қонун ҳужжатларини талаб даражасида такомиллаштириш;

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамият аъзолари бўлган фуқароларимиз онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мунтазам равишда шакллантириб бориш;

коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш ва оқибатларини кенг жамоатчиликка тушунтириш, коррупцияга имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш каби чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Жамғарма фаолиятида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш устида амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Жамғарма Васийлик кенгашининг 2020 йил 2 декабрдаги 13-сонли мажлис баёни 1.7-бандида ҳам Жамғармада коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида Халқаро стандартлар ISO 9001:2015 “Сифат Менежменти Тизими”, ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежмент (пора олиш-бериш билан курашиш) тизими” талаблари асосида интеграциялаштирилган менежмент тизими жорий қилиш бўйича топшириқ белгиланган.

Мазкур халқаро стандартлар тизими талаблари асосида интеграциялаштирилган менежмент тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда консультация хизмати ҳамда сертификатларини олиш бўйича Товар хомашё биржасининг махсус ахборот порталида эълон жойлаштирилиб, танлов ғолиблари аниқланди.

Ҳозирда ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишда консультация хизматларидан фойдаланган ҳолда барча зарурий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, Жамғарма тизимида амалда жорий қилинмоқда.

Жамғарма фаолияти ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар бўйича сертификациядан ўтказилишининг аудити дастлабки босқичи жорий йилнинг 17-18 август кунлари, иккинчи босқичи эса 18-19 октябрь кунлари ўтказилди. Аудит натижаларига кўра Жамғарманинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар ва томорқа ер эгаларини кредитлаш учун тижорат банкларига ресурс ажратиш, шунингдек, шу соҳада лизинг фаолиятини амалга ошириш” фаолияти соҳаси ISO 9001:2015 ва ISO 37001:2016 халқаро стандартлар бўйича сертификациядан муваффақиятли ўтказилди.

Жамғарма томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш ишлари келгусида Жамғарма маблағларининг самарали ва манзилли ишлатилишига, коррупцияга қарши курашишда қонун ҳужжатларини талаб даражасида такомиллаштиришга, ходимлар ва мижозларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, уларнинг онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мунтазам равишда шакллантириб боришга хизмат қилади.  

А.Мадиев, “Лизинг фаолиятини амалга  

ошириш” бўлими бошлиғи

https://uza.uz/uz/posts/fermer-dehqon-xozhaliklari-va-tomorqa-er-egalarini-qollab-quvvatlash-zhamgarmasi-faoliyati-sertifikaciyadan-otkazildi_325245

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram