Спикер ўринбосари А.Ҳаитов “долзарб 40 кунлик” акциясида қатнашди
Жойлардаги ўрганишлар, халқ билан юзма-юз мулоқотлар тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда. Аҳолининг кундалик эҳтиёжлари, талаб ва истаклари ўрганилиб, ҳал этилаётгани юртдошларимизнинг давлат ҳокимияти идораларига ишончини мустаҳкамлаётир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар ойнинг охирида ҳудудларда бўлиб, туманлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, амалдаги қонунлар ижроси ва ижро органлари фаолиятини ўрганмоқда, сайловчилар билан дилдан суҳбат қилиб, аҳоли муаммоларига ечим изламоқда.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов ҳамда қуйи палата депутати Акшагул Тулегенованинг навоийлик талаба-ёшлар билан учрашуви ҳам ғоят самарали ва барча учун фойдали бўлди.
Очиқ мулоқот давомида А.Ҳаитов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
–Ушбу нутқ халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги энг ёрқин тарихий воқеалардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси илгари сурилгани бугунги кунда нафақат юртдошларимиз, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда, – деди Спикер ўринбосари Актам Ҳаитов. –Зотан, мазкур стратегия мамлакатимиз ривожланишининг турли соҳаларини ўз ичига олган бўлиб, “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида қурилган.
Учрашув иштирокчилари қонун ижодкорлиги янгиликлари, яқинда кучга кирган қонунларнинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги кластер тизими асосида ривожлантирилмоқда. Пахта-тўқимачилик, ғаллачилик, узумчилик кластерлари сифат ва даромад жиҳатидан изчил ўсмоқда. Мева-сабзавотчиликда ҳам кўплаб кластерлар ташкил этилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь куни мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, мева-сабзавотчилик кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиликни ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланганди.
Спикери ўринбосари А.Ҳаитов ҳамда депутат А.Тулегеновалар Навоий вилоятидаги учрашувлари доирасида йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини ўрганди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 ноябрдаги тегишли қарорига асосан Конимех туманида пахта ва ғалладан қисқартирилиб, аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши мўлжалланаётган ер майдонларининг мелеоратив ҳолати билан танишилди.
Ўзаро мулоқотлар чоғида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинаётгани қайд этилди.
Очиқ мулоқот пайтида 30 га яқин муаммоли масалалар ўртага ташланди. Улар асосан, тиббий хизмат кўрсатиш, таълим, бандлик, инфратузилма ҳамда тадбиркорлик йўналишида бўлиб, аксарият масалалар жойида ҳал этилди.
А.Ҳаитов шунингдек, аҳоли вакиллари билан биргаликда Кармана туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” акциясида ҳам фаол қатнашди.
https://parliament.gov.uz/uz/meeting/constituency/36436/?clear_cache=Y