Деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятига кўмакчи

Мамлакатимизда аграр соҳа ривожига катта эътибор берилиб, фермер ва деҳқонларимиз далаларида етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг элимиз дастурхонига нес-нобуд қилинмасдан, сифатли ва арзон нархларда етиб бориши борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Зеро, аграр соҳа Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири сифатида мамлакат ривожида ўз ўрнига эга. Соҳанинг янги йўналишлари кенгаймоқда. Бу ўзгаришлар, соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадлари ошишига хизмат қилмоқда.

Соҳанинг ривожида қабул қилинган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳадаги айрим муаммоларни ечиш ва ҳисоб тизимини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Жумладан, қарорга кўра туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилган эди.

Ушбу марказлар томонидан фермерларга кўрсатиладиган асосий хизматлар белгилаб қўйилди. Хусусан, фермер хўжаликлари бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, фермер хўжаликлари ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмаларни ажратиш, мавсум якуни бўйича фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвертизациядан ўтказиш ишларини амалга оширади. Шунингдек, солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш ва уларнинг тегишли органларга тақдим этилишини ташкил этиш, фермер хўжалигининг йил якунига кўра даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиш ва кейинги йилга бизнес режа тузишда амалий ёрдам бериш юзасидан бир қатор вазифалар юклатилган.

Қарорга биноан энди бухгалтерия марказлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзо бўлган ва ўрнатилган тартибда аъзолик бадалларини тўлаган пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига бепул, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчи фермер хўжаликларига эса пуллик асосда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича хизматлар кўрсатади.

Кенгашга пахта хом ашёси ва бошоқли дондан бошқа маҳсулот етиштирувчи ва аъзолик бадалини ўз вақтида тўлаб келаётган, ер, сув ва бошқа ресурслардан унумли фойдаланаётган ҳамда молиявий имконияти чекланган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш издан чиққан айрим хўжаликларда ҳисоботни тиклаш мақсадида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишни маълум муддатга бепул амалга ошириш ваколати берилган.

Таъкидлаш жоизки, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида ташкил этилган бухгалтерия марказлари фермер хўжаликларининг барча ҳисоб-китобга оид мажбурият ва вазифаларини ўз зиммасига олган. Бу билан барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳисоботи ягона тизим орқали амалга оширилади. Бунинг натижасида эса давлат бюджетига қўшимча даромад келиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши таъминланади.

Бу борадаги ишлар яхши, албатта. Бироқ ҳозирги кунда бухгалтерия марказлари томонидан фақатгина пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг ҳисоботлари юритилаётгани маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келишини чекламоқда. Масалан, биргина Наманган вилоятининг Чуст туманида қўшимча келадиган даромадларни ҳисоб-китоб қилганда, қуйидаги рақамлар келиб чиқди. Чуст туманида 851 та бошқа йўналишдаги фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, ушбу фермер хўжаликлари эгаллаган ер майдони 7072 гектарни ташкил қилади. Ҳисобот топшириш мажбуриятига эга 851 фермер хўжалиги мавжуд бўлса-да, ДСИ маълумотлар базаси билан таққослаганда атиги 681 та фермер хўжалиги томонидан ҳисоботлар топширилган. Яъни 170 нафар фермер хўжалиги ҳисоботи маълумотлар базасида йўқ.

Барча туманларда фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳисоб-китоби марказлаштирилган ҳолда амалга оширилса, бюджетимизга қўшимча маблағ келиб тушиши ортади. Қолаверса, ушбу тартиб фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш, уларга банк хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳонгир Галаев,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари

ва томорқа ер эгалари кенгаши

етакчи мутахассиси

https://uza.uz/uz/posts/dehqon-va-fermer-xozhaliklari-faoliyatiga-komakchi_323516

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram