Ишли бўлган ҳар бир киши бир оиланинг суянчиғидир

Мамлакатимизда маҳаллий аҳоли вакилларининг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини яратиш, аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши йўлида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айни жараёнларда уларга Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.

Кенгаш ҳузуридаги махсус жамғарма ташкил этилган. Жамғарма томонидан асосан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредит маблағлари ажратиб келинмоқда. Бу маблағлар асосида жойларда наслли чорва моллари, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, қуёнчилик, иссиқхоналар қуриш лойиҳалари амалга ошириляпти.

Ромитан туманида фаолият бошлаган “Ромитан томорқа хизмат кластери”га ажратилган 5 млрд. сўм маблағ эвазига 12 та йўналишни ташкил этиш натижасида 25 та маҳалла ва 450 та хонадонга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси Тўлқин Сатторов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухорода амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганди.

Жондор томорқа кластери фаолият бошлаши режалаштирилган эди. Аммо айрим муаммолар туфайли ишлар бироз ортга сурилмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф этиш, барча аҳоли қатламлари қамраб олиниб маҳсулот етиштириш ҳажмини сезиларли даражада ортишига хизмат қиладиган янги лойиҳаларни ўрганиш мақсадида Жондор томорқа кластерининг фаолият бошлашидаги тўсиқлар, вужудга келаётган муаммоларни ўрганди. Шу ернинг ўзида муаммо ўз ечимини топди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қишлоқ хўжалиги барча фаолият турларини ривожлантириш учун зарур моддий ресурсларни етказиб бериш, шунингдек, иссиқхоналар қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш билан шуғуллланадиган ушбу корхона тез орада ўз фаолиятини бошлайди.

Масъуллар томонидан жамғарма фаолияти ва 2018-2021 йиллар давомида берилган ресурслар расмийлаштирилиши, ундаги муаммоларни қонуний йўл билан ечиш ва Томорқа хизмати, Фермер хўжаликлари томонидан ташкил этиладиган лойиҳаларга ресурс ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, мулоқот давомида марказий банк вилоят бош-бошқармаси ходимларининг вилоят бўйича 5 минг 200 та хонадонга иссиқхона қурилиши унга 15,0 млрд. сўм ресурс маблағларини жамғарма ҳисобидан ажратилиши таклифи ўртага ташланди. Ушбу таклиф маъқулланиб ресурс ажратиш бўйича рўйхат шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди. Зеро, ишли бўлган ҳар бир киши бир оиланинг суянчиғидир.

Семинарда иштирок этган вобкентлик фермер томонидан мевали дарахтлар, кўчатларини кўпайтириб, уни аҳолига етказиб бериш лойиҳаси ҳам маъқулланди. Тадбиркорга жамғарма томонидан 500 млн. сўм ажратиладиган бўлди.

Аҳолининг кам таминланган қисмини камбағалликдан чиқариш, иш ўринларини яратиш борасида янги лойиҳаларни жорий этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/ishli-bolgan-har-bir-kishi-bir-oilaning-suyanchigidir_306334

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram