Томорқачиларга кредит қай тартибда берилади?

Самарқанд вилояти Жомбой туманида оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ташкил этилган семинарда вилоятдаги фермер ва томорқачилар, банклар, қишлоқ хўжалиги ва таъминотчи корхоналар масъуллари, “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарлари иштирок этди.

Кенгаш ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Т.Саттаров, Самарқанд вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Норқўзиев Президентимиз қарори юртимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини кенг миқёсда молиявий қўллаб-қувватлашда кенг имкониятлар яратганини таъкидлади. Жамғарма маблағларини йўналтириш орқали имтиёзли кредитлар ажратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

– Учрашувда томорқачилар имтиёзли кредит олиш, ундан фойдаланиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлди, – дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Самарқанд вилояти бўйича ҳудудий вакили Ф.Кенжаев. – Шунингдек, кредит олишдаги муаммолар ҳам қайд этилиб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Банклар вакиллари билан бирга кредит расмийлаштирилиши шартлари, мавжуд тартиблар бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.

Семинарда Самарқанд вилоятидаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари, шунингдек, “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан жамғарма маблағлари ҳисобидан 15 миллиард сўмлик кредит олиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир қатнашчилари ушбу йўналишда Жомбой туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/tomorqachilarga-kredit-qay-tartibda-beriladi_306233

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram