Томорқадан унумли фойдаланиш даромаднинг муҳим омили

Навоий вилояти Кармана туманидаги “Кармана томорқа хизмати – 2» масъулияти чекланган жамиятида кластер усулида фаолият юритадиган корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини янада жонлантириш масалаларига бағишлаган семинар бўлиб ўтди.

Вилоятдаги мавжуд томорқа хизмати корхоналари раҳбарлари, тижорат банклари масъул ходимлари иштирок этган семинарда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш,  томорқадан самарали фойдаланиш, «Томорқа хизмати» МЧЖлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш борасида олиб борилаётган  ишлар ҳақида сўз борди.

Маълумотларга кўра, жамғарма томонидан Навоий вилоятига 2018-2021 йилларда 33,8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шундан 14,2 миллиард сўм аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, 19,6 миллиард сўм маблағ «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, бевосита томорқага бириктирилган фермер ва деҳқон хўжаликларига йўналтирилган.

– Томорқа ер эгаларига ажратилган 14,2 миллиард сўм имтиёзли кредитлар натижасида 988 та хонадонда жами 36 гектар майдонда иссиқхона, 1800 та хонадонда 9 мингта парранда, 420 та хонадонда 26 мингдан ортиқ асалари уялари, 730 та хонадонда 5420 та қуён, 850 та хонадонда 6200 та наслли қўйлар сотиб олиниб, 30 гектардан ортиқ боғ ва токзор ташкил этилди ҳамда 2360 та янги иш ўринлари яратилди, – дейди жамғарманинг вилоятдаги вакили Ҳусниддин Эргашев. – «Томорқа хизмати» МЧЖлар томонидан ажратилган 19,6 миллиард сўм маблағнинг 8,7 миллиард сўми ўзлаштирилди. Шунингдек, ташкил этилган корхоналар томонидан 4906 та томорқа ер эгалари билан 14 тонна 388 кило сабзавот уруғлари ва минерал ўғитлар ҳамда 539 минг 567 дона мевали дарахт ва сабзавот кўчатлари учун шартномалар тузилиб, 4,2 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилди.

Бугунги кунда етиштирилган маҳсулотнинг аниқ харидори йўқлиги ва мавсумда айрим турдаги экинларни талабдан ортиқ экилиши маҳсулот таннархини жуда пастлашига ва далада нобуд бўлиб қолиб кетиш ҳолатлари борлиги ҳеч кимга сир эмас. Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида, бундан икки йил илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига (томорқаларига) хизмат кўрсатувчи «Томорқа хизмати» МЧЖлар ташкил этилган эди.

Бироқ, уларнинг фаолияти таҳлил қилинганда «Томорқа хизмати» МЧЖларнинг хонадонларни қамраб олиб, хизмат кўрсатиш даражаси жуда суст эканлиги ва уруғчиликда бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Шунга кўра, аҳоли хонадонларига комплекс хизмат кўрсатиш ҳамда хонадонларни юқори даражада қамраб олинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги «Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Томорқа хизмати» МЧЖлар негизида томорқачилик кластерлари ташкил этилиши белгилаб берилди.

Мазкур қарорга кўра «Кармана томорқа хизмати-2» МЧЖ ҳам кластер усулида фаолият юритадиган МЧЖга айлантирилди.

– «Томорқа хизмати»га ажратилган 10 гектар ер майдонида Кластер усулида фаолият юритиш учун 12 йўналишдаги лойиҳалар бўйича ишлар амалга оширилмоқда, – дейди МЧЖ директори Самад Аҳмедов. – Айни пайтда МЧЖда 8 та йўналиш, шундан 0,5 га сабзавот экинлари кўчатчилиги иссиқхонаси, сиғими 50 тонна бўлган совиткичли омборхона, иссиқхона ускуналарини тайёрлаш ва қуриш цехи, 100 тонна сиғимга эга юк сақлаш омборхонаси, аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш техника парки, йиллик қуввати 400 тонна кучли концентрат озуқа емлари ишлаб чиқариш цехи, чорва молларини сунъий қочириш пункти, 1 марталик қуввати 40 минг дона бўлган инкубатор биноси қурилган.

Қолган 4 та йўналишдаги, хусусан кўчат ва минерал ўғитлар сотиш дўкони, сут қабул қилиш пункти, мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш цехи, мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш ва томат маҳсулоти ишлаб чиқариш цехи ва инкубатор ускуналарини олиш учун Жамғармага 3 миллиардлик буюртма киритилди. Вилоятдаги мавжуд томорқа хизматлари кластерлари томонидан 2 минг 144 та томорқа ер эгалари билан қарийб 42 гектардан зиёд иссиқхоналар қуриб бериш бўйича қарийб 38,9 миллиард сўмлик, 15 мингта аҳоли хонадонларининг 738 гектар томорқа ер майдонларида экин экишга ерларни шудгорлаш, текислаш, жўяк олиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш мақсадида қарийб 6,6 миллиард сўмлик шартномалар тузилди.

Навоий вилоятида 2020 йилда аҳоли гавжум маҳаллаларда енгил конструкцияли 36 та «дала дўконлари» ва кичик сиғимли музлатгич омборлар қурилган бўлса, жорий йилда 90 та ана шундай «дала дўконлари» ва кичик сиғимли музлатгич омборлар қурилиши режалаштирилган бўлиб ҳозирги кунда 54 таси қурилди. Айни пайтда вилоят бўйича мавжуд «Томорқа хизмат» МЧЖларнинг 8 тасида сиғими 1420 тоннага тенг совиткичли омборхона, 10 тасида 4 минг 280 тонналик омборхона, 2 дона 1370 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга қуритиш ускунаси мавжуд бўлиб, мавсум давомида улардан тўла қувватда фойдаланиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, корхоналар бугунги кунда 28 та ҳар хил турдаги тракторлар, 69 та агрегатлар, 31 та юк ташиш машиналари, 118 та мотокультиваторлар, 168 та кимёвий ишлов бериш аппаратлари ва 84 та бошқа турдаги асбоб-ускуналар билан таъминланган.  

Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар ва муаммоли масалаларга мутасадди ва банк масъулларидан атрофлича жавоб олди.

Маъруфжон Ўрозов,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош мутахассиси.

https://uza.uz/uz/posts/tomorqadan-unumli-foydalanish-daromadning-muhim-omili_304881

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram