Артезиан қудуқлари: аҳолига қулайлик, томорқага барака

Навоий вилояти Қизилтепа туманида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, маҳаллий аҳолининг даромадларини кўпайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган республика ҳудудий семинари ўтказилди.

Навоий, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан аҳоли томорқаларини суғориш учун бурғуланган артезиан қудуқлар учун ажратилган субсидия маблағлари, уларни расмийлаштириш тартиб-тамойиллари тўғрисида маълумот берилди.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июнь куни “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 30 июлда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини бурғулаб ишга туширган талабгорларга Давлат бюджети ҳисобидан субсидия маблағлари ажратиб берилмоқда.

– Жорий йил давомида Республика бўйича 2020 йилда сув таъминоти оғир 37 та тумандаги 94 та кичик ва 224 та катта ҳажмли артезиан қудуқларни бурғулаб ишга туширган 318 нафар талабгорга давлат бюджети орқали 26 миллиард 616,3 миллион сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаев. – Натижада 203 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 7 минг 300 нафардан ортиқ томорқа ер эгасининг 1160 гектар томорқа экин майдонларини сув билан таъминлашга эришилди. Амалга оширилган ишлар натижасида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги томорқа ер эгаларининг томорқадан 2 ва 3 маротаба ҳосил олиши орқали даромадини оширишга имкониятлар яратилди.

Семинар иштирокчилари тумандаги “Буюк ипак йўли” МФЙда аҳолининг томорқадан фойдаланиш ҳолати ва суғориш учун вертикал бурғуланган ва янги қазилган артезиан қудуғини бориб кўрди.

Навоий вилоятида Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа ва Хатирчи туманларида 59 та талобгарга давлат бюджетидан 5 миллиард 692 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган. Шундан 16 таси Қизилтепа тумани ҳиссасига тўғри келади.

– Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши, томорқа экин майдонларини сув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Navoiy Grand Stroy” бурғулаш корхонаси директори Мастура Йўлдошева. – Корхонамиз туманда 11 та вертикал бурғуланган артезиан қудуғини қазиб фойдаланишга топширди. Ҳар бир қудуқдан бугунги кунда 30-35 та оила томорқасини суғормоқда. Ҳозирда нафақат вилоят, балки қўшни Самарқанд вилоятидаги талабгорлардан ҳам буюртмалар тушмоқда. Албатта, ишимизни сифатли бажариб, аҳолининг ишончини оқлаймиз.

– Туманда олиб борилаётган ишлар жуда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Шуҳрат Бўриев. – Аҳоли хонадонларида бўлганимизда уларнинг ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланаётганига гувоҳ бўлдик. Томорқанинг даромад манбаи эканлигини улар аллақачон англаб етган. Буни суҳбатларимиз давомида билиб олдик. Айниқса, ҳар бир хонадон ташқарисида узумзор барпо қилинганлиги таҳсинга сазовор. Узум навлари худди маржондек тизилган. Новдадан узум олиб ейишнинг гашти ўзгача.

– Сув бор жойда ҳаёт бор, – дейди меҳнат фахрийси Туроб бобо Муҳаммадиев. – Бундан бир йил олдин ҳам қачон ариқдан сув келаркан, экинларимизни суғорарканмиз, деб қараб турар эдик. Ҳатто қўни-қўшнилар сувга талашиб қоларди. Президентимиз ташаббуси билан қишлоғимизда артезиан қудуғи қазилди ва сув мўл бўлди. Ҳозир қай бир хонадонга кирманг, томорқасидан унумли фойдаланган ҳолда турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб, маҳсулотларни бозорга ҳам чиқариб сотмоқда. Маҳсулот кўп бўлса, бозорлар арзон, дастурхонимиз тўкин бўлади.

Абдували Бўриев, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/artezian-quduqlari-aholiga-qulaylik-tomorqaga-baraka_296645

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram