Фермерларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда

Юртимиз аграр соҳасида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар сабаб одамлар пахта ва ғалладан, мева-сабзавот, полиз экинларидан яхши даромад ола бошлади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжаликларига берилган ер участкалари ижара шартномаларининг расмийлаштирилиши ҳолатини ўрганмоқда. Аниқланишича, Тошкент вилоятида 2 минг 930 фермер хўжалигининг 170 минг 583 гектар ер майдони, Сирдарёда 1 минг 315 фермер хўжалигининг 50 минг 302 гектар, жами 6 минг 309 фермер хўжаликларига берилган 338 минг 802 гектар ер участкаларини ижарага бериш шартномалари расмийлаштирилиб берилмаган.

– Келишув-шартномалардаги шарт бу бирор мажбурият қўйиш ёки мажбуриятни зиммага олиш эканини ҳамма билади, – дейди кенгашнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Раҳмонов. – Бу масалада Ислом динида ҳам битимлар (ўзаро келишув шартномаси) ёки ерни ижарага бериш келишув битимида ижарага берувчи биринчи томон ва иккинчи томондан ижарага олувчининг иштирокида, ўзаро розиликда тузилиши кўзда тутилган. 

Ижарага бериш шартномалари расмийлаштирилиб берилмагани фермер хўжаликларининг ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқининг бузилишига ва уларнинг асосли эътирозига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, судларда ижара шартномаси билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал этилишига салбий таъсир кўрсатади. Шунга қарамай тегишли ҳужжатларга кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига 6309 фермер хўжалигига берилган ерни ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш масаласини ваколат доирасида кўриб чиқиш юзасидан 2021 йил 29 июнда хат киритилди.

Қайд этиш керакки, “Ижара тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига асосан ижарага берувчи ижарага топширилган мулкдан фойдаланишга халақит бераётган ундаги нуқсонлар учун, жумладан, шартнома тузиш чоғида аниқланмаган нуқсонлар учун ҳам жавобгардир. Агар ижарага берувчи ижарага берилган мулкни ижарачига фойдаланиш учун ўз вақтида бермаган бўлса, ижарачи ундан бу мулкни талаб қилиб олиш хамда ижрони кечиктириб юборганлиги оқибатида етказилган зарар ўрнини қоплашни талаб қилишга ёхуд шартномадан воз кечиб, шартномани бажармаганлик оқибатида ўзига етказилган зарарни ундириб олишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги қарорига кўра, туман ҳокими томонидан фермер хўжалигига ижарага ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан беш кун муддатда намунавий шаклга мувофиқ ер участкасини ижарага бериш шартномаси тайёрланиши белгиланган.

Фермер ва деҳқонларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра жорий йилдан давлат ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечди. 

Фермерлар етиштирадиган ғалла барча истеъмолчилар, жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди. Ғалланинг контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларидан ортиқча қисми фермер хўжалигининг ўзида қолади. 

Шундай пайтда, фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ғалла режасини бажариб, ортиқча қисмидан мўмай фойда олаётганлигини кўролмайдиган, фермернинг фойдасига шерик бўладиганлар ҳам топилиб қолади. Шунинг учун фермерлар топширган ортиқча ғаллани бозор нархида ҳисоб-китоб қилинишининг аҳволи бўйича мониторинг ўтказилмоқда. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқини ҳар жиҳатдан ҳимоя қилмоқда. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 100 дан ортиқ малакали ҳуқуқшунослар томонидан онлайн шаклда тезкор бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётгани бунинг ёрқин исботидир.

Сайёра Шоева

https://www.uza.uz/uz/posts/fermerlarning-huquqlari-tiklanmoqda_295737

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram