Фермерларга “Мирзачўл” навли қовун етиштириш тавсия этилди
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитга қарамасдан экспортёрларимиз 1 миллиард 12 миллион долларлик 1 миллион 492 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди.
Бу ҳақда “Белгиланган талаб ва стандартлар асосида мамлакатимизда етиштирилган полиз маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми ва географиясини янада ошириш” мавзуида сирдарёлик фермерлар иштирокида ўтказилган семинар-тренингда алоҳида қайд этилди.
Тадбирда полиз маҳсулотлари учун экспортёрларга берилаётган имтиёз, субсидия ва амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этиш керакки, экспорт маҳсулотлари деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилади. Етиштирилган маҳсулотни қадоқлаш ёки қайта ишлаш учун замонавий ускуна ёки техникалар ҳаммада ҳам мавжуд эмас. Йирик ҳудудларда мева-сабзавот ва томорқачилик кластерларининг камлиги бу борадаги муаммолардан бири ҳисобланади.
– Келгусида юртимизда 50 га яқин мева-сабзавот хамда томорқачилик кластерлари ташкил этилади, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Илёс Ўткиров. – Бу билан аввало, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган йирик плантациялар вужудга келади. Яъни, кластерни ташкил қилган тадбиркор – мазкур ҳудуддаги деҳқон ва фермерларни атрофига бирлаштириб, катта ҳажмда маҳсулот йиғади. Ана шу маҳсулотларни шартнома асосида экспортга йўналтириш мумкин. Бизда бу ишлар ҳали тўлиқ равишда тизимли йўлга қўйилмаган. Ҳозирда юртимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотининг 99 фоизи фақат Россия ва МДҲ мамлакатлари бозорига экспорт қилинмоқда. Биз келгусида Хитой ва Араб давлатлари бозорларига киришимиз зарур. Шу боис профессионал даражада маҳсулотларни қайта ишлаш, замон талабларига жавоб берадиган ҳамда карантин қоидаларига мос равишда тайёрлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
– Хитой ва Араб давлатлари бозорларига кўплаб маҳсулот тури бўйича кириш имконияти мавжуд, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Мирзоҳид Йўлдошев. – Бироқ тадбиркор, деҳқон ва фермерларимиз ҳали ҳам талаб қилинадиган сифатга эга маҳсулотнинг катта ҳажмини етказиб бера олмаяпти. Мисол учун, қовун, қовун қоқиси, гилос, полиз ва мева маҳсулотларимиз Европа бозорларида ҳам харидоргир. Уларни қуритиш, қадоқлаш учун юртимизга замонавий технологиялар олиб кирилса, экспорт имкониятимиз янада кенгаяди.
Семинар-тренинг иштирокчилари Мирзаобод туманидаги “RED PACK” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, тажриба алмашди. 2004 йилда ташкил этилган корхона қовун ва кўкат экспорти билан шуғулланади. Ўтган йили маҳсулотни экспортга тайёрлаш ва жўнатишга мўлжалланган совутгич ишга туширилди.
– Беларусь, Украина ва Европа давлатларига қовуннинг “Мирзачўл” навини экспорт қиламиз, – дейди корхона раҳбари Раҳмонберди Саломатов. – Бу нав ширинлиги, ҳажми кичиклиги ва узоқ йўлга чидамлилиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Бизга 2-4,5 килограммли қовунларни экспорт қилиш қулай, харидорлар ана шундай ҳажмдаги қовунларни кўпроқ сўрашади. Кунига 40 тонна қовун экспорт қиламиз. Ўтган йилнинг тўрт ойида ўртача 2 минг тонна маҳсулотни хорижга юбордик. Харидорларимиз жуда кўп, лекин айнан шу навни етиштирадиган фермер, деҳқонлар жуда кам.
Семинар-тренинг иштирокчилари саволларига мутахассислар жавоб берди.
Сайёра Шоева, ЎзА
https://www.uza.uz/uz/posts/fermerlarga-mirzachol-navli-qovun-etishtirish-tavsiya-etildi_295255